Yangi hujjatlar

Халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгаши депутатларининг йўловчилар транспортида бепул юриш тартиби тасдиқланди

2014 йил 2 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгаши депутатининг йўловчилар транспортида бепул юриши ҳамда транспорт ташкилотлари билан шу билан боғлиқ ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 78-сонли қарори қабул қилинди.

Қарор матнида таъкидланишича, қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режаларини тасдиқлаш тўғрисида» 2013 йил 15 июлдаги ПҚ-2003-сон қарорини бажариш юзасидан қабул қилинган.

Гап шундаки, 2004 йил 2 декабрь куни қабул қилинган “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Қонуннинг 17-моддасида (Депутатнинг транспортда текин юриш ҳуқуқи) қуйидаги норма белгиланган эди:

Депутат тегишли вилоят, туман, шаҳар ҳудудида ҳаво, темир йўл, автомобиль йўловчилар транспортида (такси ва шаҳар йўловчилар транспорти бундан мустасно) текин юриш, шунингдек, йўл патталарини навбатсиз сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланади.
Депутатнинг транспортда текин юриш тартиби ва шартлари, транспорт ташкилотлари билан бу борада ҳисоб-китоб қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади.

Халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгаши депутатларида бепул юриш ҳуқуқи бор, лекин унинг тартиби йўқ эди. Юқорида таъкидланган Вазирлар Маҳкамаси қарори айнан мазкур бўшлиқни тўлдириш мақсадида қабул қилинди.

Қарорга асосан, Халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгаши депутатининг йўловчилар транспортида бепул юриши ҳамда транспорт ташкилотлари билан шу билан боғлиқ ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби ва шартлари тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга кўра, Халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгаши депутати (бундан буён хабарда “депутат”) ўзи депутат бўлган тегишли вилоят, туман ҳудудида йўловчилар транспортида (такси ва шаҳар йўловчилар транспортидан ташқари) бепул юриш ҳуқуқидан фойдаланади.

Депутат бепул чиптани расмийлаштириш учун белгиланган намунадаги депутат гувоҳномасини кўрсатиши шарт. Гувоҳнома чиптани олиш пайтида ҳам, депутатни транспортда олиб юриш вақтида ҳам ҳақиқий бўлиши керак. Амал қилиш муддати ўтган гувоҳнома асосида бепул чипталарни расмийлаштиришга ва транспортда олиб юриш хизматлари кўрсатишга йўл қўйилмайди.

Депутатга «Ўзтемирйўлйўловчи» очиқ акциядорлик жамиятининг чипта кассаларида (транспортда юриш ҳужжатларини олдиндан сотиш агентликларида) депутатнинг айни бир вақтда депутатлик гувоҳномаси ва унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати — паспорти кўрсатилган тақдирда хизмат кўрсатилади.

Депутатлар тегишли вилоят ва туман ҳудуди доирасида автовокзаллар (автостанциялар) кассаларида транспортда юриш чиптасини навбатдан ташқари олиш ҳуқуқига эга.

Сўралаётган рейсга бўш ўринлар мавжуд бўлмаган тақдирда халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгаши депутати кейинги рейсда жўнатилиши керак.

Бир марталик талонлар бланкалари халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгаши буюртманомаси бўйича тайёрланади ҳамда депутатларга хизмат заруриятига кўра берилади. Бир марталик талонлар бланкалари қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатлар ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Қонун ҳамда Низомда бироз фарқ бор. Яъни Қонунда депутатларга ҳаво транспортида ҳам текин юриш ҳуқуқи белгиланган, аммо Низомда фақат темир йўл ҳамда йўловчилар автомобиль транспортида бепул юриши тартиби ҳақида сўз юритилган.

Буни мантиқан таҳлил қиладиган бўлсак, депутатларга фақат ўзи депутат бўлган тегишли вилоят, туман ҳудудида йўловчилар транспортида бепул юриш ҳуқуқидан фойдаланади. Аммо Навоий вилоятидан ташқари иккита маҳаллий аэропорт мавжуд бўлган вилоят ҳозирча мавжуд эмас. Навоий вилоятида ҳам Навоий ва Зарафшон шаҳарлари ўртасида маҳаллий рейс йўқ. Шу сабабли, ҳаво транспортини қўшишга эҳтиёж бўлмаган.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (6)
  • Йўқ (2)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига