Yangi hujjatlar

Интернет-фестиваль ҳакамлари ҳақида

Бугун Uz миллий домени интернет фестивали-2014 ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Бир неча йиллардан буён ўтказилаётган ушбу фестиваль жорий йилда мен учун ўзгача аҳамиятга эга бўлди. Бунинг иккита сабаби бор:
1. Шахсий сайтим ҳам мазкур фестивалда илк бора иштирок этмоқда;
2. Фестивалда ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида иштирок этдим.

Мазкур постни ёзишимдан мақсад ҳам, ушбу иккита асоснинг бир-бирига зидлиги ҳақидаги турли гап-сўзларга изоҳ беришдан иборат. Яъни ижтимоий тармоқларда ҳам ҳакам, ҳам иштирокчи сифатида иштирок этиш мантиққа зидлиги ҳақида кўпчилик бир қатор эътирозларни билдириб ўтган эди.

Келинг, ҳаммасини бир бошидан бошласак. 3 сентябрь куни блогерлар ҳақида қабул қилинаётган қонунга бағишлаб тор доирада учрашув бўлиб ўтди. Ўша учрашувдан сўнг барчангизга маълум ва машҳур Александр Сучков менга интернет-фестивалда ҳакамлик қилиш таклифини билдирди. Ушбу таклифни эшитишим билан, берган биринчи саволим шу бўлди: “Ахир менинг сайтим ҳам фестивалда иштирок этмоқда, қанақасига мен ҳакам бўлишим мумкин?”. Шунда қуйидагича жавоб олдим: “Бизда сайти билан иштирок этаётган ҳакамлар кўп. Асосий шарти сиз ўз сайтингизга овоз бермайсиз, қолган ҳакамларнинг сайтингизга берган баҳоси бўйича ўртача арифметик балл келиб чиқаверади барибир”.
Шундан сўнг ҳакамликка рози бўлдим. Ушбу суҳбатга Тўлқин Юсупов ҳам гувоҳлик бериши мумкин.

Билишимча, интернет-фестиваль ҳакамлари бир пайтнинг ўзида ҳам иштирокчи сифатида қатнашиш анъанаси бир неча йиллардан буён мавжуд экан. Ташкилотчилар буни нормал ҳолат сифатида баҳолашмоқда, буни сабаби ўша ҳакамлар ўз сайтлари учун овоз бера олишмайди, шу йўл билан адолатсизлик муаммоси ҳал қилинган дея изоҳлашмоқда.

Аммо уйга келиб, бошдан дўппини олиб, яхшилаб ўйлаб кўрсам, мени ўз сайтимга овоз бермаслигим, холислик муаммосини ечиб бермас экан. Чунки сайтим иштирок этаётган номинациядаги бошқа рақибларимга хоҳласам, хоҳламасам атайин пастроқ баҳо бериб қўйишим эҳтимолдан ҳоли эмасди. Шунда мен бутунлай бошқа қарорга келдим. Яъни сайтим қатнашаётган номинациядаги барча сайтларга овоз беришдан бош тортдим. Бу ҳақида ташкилотчиларни огоҳлантирдим, улар ҳам ушбу қароримни қўллаб-қувватлашди.

Жорий йилда ўз сайти фестивалда қатнашаётган мендан бошқа яна бир неча ҳакамлар мавжуд. Масалан, Адҳам Атажановнинг бир неча сайтлари (islom.uz ва унинг дўстлари), Бахтиёр Насимов (nasimov.uz), Фарҳод Файзуллаев (daryo.uz, parol.uz, chorsu.uz), Абдумалик Исмоилов (manutd.uz), Тўлқин Юсупов (erkak.uz).

Ростини айтсам, улар қандай усулда овоз беришганини билмайман: фақат ўз сайтларига овоз бермай, рақибларига ҳам овоз беришганми ёки менга ўхшаб бутун бошли номинациядаги барча сайтларга овоз беришмаганми, бунисини менга қоронғу.

Лекин шуниси аниқки, мен “Энг яхши шахсий саҳифа” номинациясидаги барча 31 та сайтга овоз бермадим. Юқорида айтганимдек, рақибларимни баҳолашим ҳам адолатсизлик эди.

Менга алоқаси бўлмаган қолган барча 10 та номинацияга овоз беришда иштирок этдим.

Фикримча, бундай вазиятда адолатсизлик ҳақида гап-сўзларга ўрин йўқ. Буни қуйидаги иккита мисол билан тушунтирмоқчиман:

1. Футбол мавзусидаги мисол. Равшан Эрматов расмий ўйинларда Ўзбекистон МТЖнинг ўйинларига ҳакамлик қилмайди, тўғрими? Чунки бу холисликка шубҳа туғдиради. Айтайлик, Ўзбекистон МТЖ Осиё Кубоги-2015да иштирок этади. Айтингчи, ОФК ушбу турнирда ҳакамлик қилиш учун Равшан Эрматовни чақириши адолатсизлик бўладими? Йўқ, албатта! Равшан Эрматов Ўзбекистон ўрин олмаган бошқа гуруҳларда бемалол ҳакамлик қилаверади. Айтмоқчиманки, Ўзбекистон қатнашаётган турнирда ўзбекистонлик ҳакамнинг бўлиши холисликка заррача шубҳа туғдирмайди.

2. Таълим мавзусидаги мисол. Ушбу мисолни Твиттерда Сардор Юсупов ёзган воқеадан келиб чиқиб айтаяпман. Бир талаба биология фанидан бўладиган имтиҳон учун билетли саволларни компьютерда ёзиб, тайёрлаб берди. Унга биологиядан тушадиган барча саволлар олдиндан маълум. Хўш, айтингчи, ўша талабани “Сен биологиядан саволларни биласан” деб тарих фанидан бўлаётган имтиҳондан четлатишимиз адолатданми? Унинг биологиядан саволларни билиши тарихдан бўладиган имтиҳонга таъсир қилмайди-ку, тўғрими?

Хуллас, айтмоқчиманки, фестивалда сайтим иштирок этаётган ҳолда, ҳакамлик қилганимни бирон нохолисликни келтириб чиқарди деб ўйламайман. Асосийси ҳакам сифатида виждоним олдида ҳеч қандай нотўғри иш қилганим йўқ.

Аслида, ушбу постни фестивалдан кейин ёзмоқчи эдим, аммо ўйлаб қолдим: агар мабодо сайтим фестивалда бирон натижага эришиб қолса (ҳар ҳолда шундан умидвормиз), унда юқоридаги гапларни ёзсам, худди ўзимни оқлаш учун, вазиятдан чиқиб кетиш учун ёзаётгандек бўлиб қолар эканман. Шу сабабли, тушунмовчиликларни олдини олиш учун ҳали ҳеч қандай натижалар маълум бўлмасидан аввал, Сизларга бор вазиятни холисона ва очиқ-ойдин тушунтиришга ҳаракат қилдим, холос.

Шу фурсатдан фойдаланиб, барча фестиваль қатнашчиларига омадлар тилайман! Ва “ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич” принципига риоя қилган ҳолда, қайси сайтларга биринчи ўринни берганлигимни айтиб ўтмоқчиман (бу тақиқланмаган, менимча). Қани, кўрамиз, мен овоз берган сайтлар ҳақиқатдан биринчи ўринга лойиқ кўрилибдими ёки йўқми?

Фан ва таълим соҳасида энг яхши сайт
www.ziyouz.uz

ОАВ соҳасидаги энг яхши сайт
www.daryo.uz

Давлат бошқаруви соҳасидаги энг яхши сайт
www.lex.uz

Энг яхши тематик сайт
www.fmc.uz

Маданият соҳасида энг яхши сайт
www.natlib.uz

Тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг яхши сайт
www.kliniki.uz

Тармоқ сервислари соҳасидаги энг яхши сайт
www.click.uz

Энг яхши корпоратив сайт
www.globalsolutions.uz

Сайёҳлик ва минтақавий-ўлкашунослик соҳасида энг яхши сайт
www.e-tarix.uz

Спорт соҳасидаги энг яхши сайт
www.sports.uz

“Энг яхши шахсий саҳифа” ҳамда “Фестиваль янгилиги” махсус номинациясига овоз бермадим.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (1)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига