Yangi hujjatlar

Навоий вилоятида қалбаки дипломли 72 нафар ўқитувчиларга 1 ярим миллиарддан ошиқ иш ҳақи тўланганлиги аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлиги ҳамкорликда 2014 йилнинг биринчи ярмида республика ва маҳаллий бюджетдан молиялаштириладиган 143 ташкилотда текширув ўтказди. Текширув натижалари ҳақидаги маълумот ЎзА сайтида эълон қилинган.

Хусусан, Навоий вилояти маҳаллий бюджетининг 2013 йилги ижроси ўрганиб чиқилган.

Ўрганиш жараёнида вилоят таълим муассасаларида меҳнат қилаётган педагогларнинг маълумотини тасдиқлайдиган ҳужжатлар ҳақиқийлиги ҳам текширилган. Текшириш чоғида 57 таълим муассасасида ишлаётган 72 нафар педагогнинг дипломи қалбаки экани ва уларга бюджетдан 1693,3 миллион сўм тўлангани аниқланди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси ва “Ўқув таълим таъминот” давлат унитар корхонаси ўртасида тузилган шартнома асосида таълим муассасаларига 8276 тонна кўмир бешта транспорт корхонаси томонидан етказиб берилган ва уларга кўрсатилган 698,1 минг тонна/километр ҳажмдаги транспорт хизматлари учун 418,9 миллион сўм тўланган ёки 129 миллион сўм бюджет маблағлари ортиқча тўланган.

Шунингдек, 6 та тумандаги “Баркамол авлод” болалар марказларини жиҳозлашда “бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоб-фактура”ни қалбакилаштириш орқали хусусий корхонага 668,3 миллион сўм бюджет маблағи ўтказилгани, амалда эса 43,5 миллион сўмлик инвентарь етказиб берилгани ёки 624,8 миллион сўмлик инвентарь етишмаслиги аниқланди.

Шунингдек, Навоий вилоятида қиймати 508,4 миллион сўмлик солиқ, йиғим ва бошқа тўловлар қўшимча ҳисобланди ва шунинг 429,6 миллион сўми ундирилди.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли ва манзилли фойдаланишни ўрганиш бўйича ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари давомида ўзини ўзи бошқариш органлари амалдаги меъёрий ҳужжатларни бузган ҳолда, оилалар даромадини етарли даражада ўрганмасдан, қалбаки ҳужжатлар асосида ва комиссиялар қарорисиз нафақа ҳамда моддий ёрдам берилгани аниқланди.

Натижада Қизилтепа туманидаги 34 та ўзини ўзи бошқариш органида 56 нафар фуқарога 31,5 миллион сўм, Навбаҳор туманининг 22 та ўзини ўзи бошқариш органида 60 нафар фуқарога 39,4 миллион сўм, Нурота туманидаги 18 та ўзини ўзи бошқариш органида 61 нафар фуқарога 23,6 миллион сўм ва Хатирчи туманидаги 29 та ўзини ўзи бошқариш органида 36 нафар фуқарога 29,3 миллион сўм нафақа ва моддий ёрдам нотўғри тайинланган ва шунинг 63,8 миллион сўми тўланган.

Соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бюджет ва смета-штат интизомига риоя этиш ўрганилганда, текширилган тиббиёт бирлашмаларининг штат жадвалига нормадан ортиқ 8,75 штат бирлиги киритилиши натижасида 63,8 миллион сўм ортиқча тўлаш режалаштирилгани ва шунинг 44,1 миллион сўми тўлангани, ходимлар разрядининг оширилиши оқибатида эса 11,8 миллион сўм бюджет маблағи ортиқча сарфлангани аниқланди.

Намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар, коллеж ва спорт мактаблари қурилаётган массивларда ички йўллар ва сув таъминоти тармоқларини барпо этиш учун бюджет маблағларини режалаштириш таҳлил этилганда олтита объектда бошланғич қурилиш қиймати 276,2 миллион сўмга оширилгани аниқланди, шундан тўрт объектда ортиқча сарфланган 168,5 миллион сўм кейинчалик пудратчи ташкилотни молиялаштириш даврида камайтириб қолинди.

Бундан ташқари, мазкур объектларда сарфланган харажатларни ўрганиш бўйича ўтказилган назорат тадбирларида қиймати 208,7 миллион сўмлик иш ҳажми ошириб кўрсатилгани ва сифатсиз бажарилгани аниқланди.

Жумладан, Хатирчи туманидаги “Янги қишлоқ” ва “Ғаллабек” массивларида сув таъминоти объектларини барпо этиш учун ажратилган 13,7 миллион сўм маблағдан самарасиз фойдаланилган, шунингдек, Агросервис касб-ҳунар коллежида 62,2 миллион сўмлик ишламайдиган 12 иситиш қозони ўрнатилгани сабабли объектларни ичимлик суви, биноларни иссиқлик билан таъминлаш имконини бермаган.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлиги томонидан бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда давлат молиявий назорати тизимли асосда давом эттирилиши ва ажратилаётган бюджет маблағларидан нооқилона, мақсадсиз фойдаланишга йўл қўйган ҳар қандай масъул ходим қонунчилик доирасида жавобгарликка тортилишини яна бир бор эслатиб ўтамиз, – дейилади Ҳисоб палатаси ҳамда Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси хабарида.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (1)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига