2014 йил 23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Cоғлиқни сақлаш вазирининг “Одамнинг иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахслар ишлаши ман этилган касбий фаолият турлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи имзоланди.
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикасининг «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунга асосан қабул қилинган бўлиб, унда одамнинг иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахслар ишлаши ман этилган касбий фаолият турлари рўйхати берилган.
Мазкур рўйхат тасдиқланиши билан бир вақтда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат вазирлиги ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг 1999 йил 6 декабрдаги 03/1-сонли «ОИВ/ОИТС (ВИЧ/СПИД) вируси билан касалланган шахслар ишлаши ман этилган ишлар рўйхати ва касб турлари тўғрисида»ги Қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисобланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, бир сўз билан айтганда, 1999 йилдан буён амалда бўлган ОИВ юқтириб олган шахслар ишлаши ман этилган касблар рўйхати янгиланди дейиш мумкин. Мазкур рўйхатдан қуйидаги касб турлари ўрин эгаллаган:
1. Қон ва унинг таркибий қисмларини тайёрлаш ва уларга қайта ишлов бериш билан боғлиқ касблар.
2. Қон ва унинг таркибий қисмлари, сперма ва кўкрак сутини қабул қилиш билан боғлиқ касблар.
3. Гемотрансфузия билан боғлиқ касблар.
4. Қуйидаги тиббий муолажалар билан боғлиқ касблар:
- инъекциялар;
- диализ;
- венесекция;
- катетеризация.
5. Косметик ва пластик операциялар билан боғлиқ касблар.
6. Стомотологик муолажалар билан боғлиқ касблар.
7. Туғруқ билан боғлиқ касблар.
8. Аборт ва бошқа гинекологик операциялар билан боғлиқ касблар.
9. Соч ва соқол олиш, пирсинг, маникюр, педикюр ҳамда татуаж билан боғлиқ касблар.
Хўш, янги рўйхатда қандай ўзгаришлар бор?
Янги рўйхатда эскисидан эскисидан фарқли ўлароқ, қуйидаги ишлар ва касблар кўзда тутилмаган:
ТАШҲИС ВА ДАВОЛАШ/ПРОФИЛАКТИК МУОЛАЖАЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ БЎЛГАН ИШЛАР:
- Эндоскопия,
- Ошқозон ва ўн икки бармоқли ичакни зонд билан текшириш ва ичакларни ювиш,
- Аллергик текшириш,
- Игна санчиш,
- Тирик шахсларни суд-тиббиёт экспертизасидан ўтказиш.
ХАЛҚҚА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ИШЛАРИ МУАССАСАЛАРИ
- Мактабгача бўлган болалар билан ишлаш ва тарбиялаш.
МУОЛАЖАЛАР
- Қўл билан уқалаш.
КОНТАКТ СПОРТ ТУРЛАРИ
- Бокс,
- Кураш,
- Шарқона якка кураш.
Ушбу ҳолатдан келиб чиқиб, эндиликда ОИВ юқтириб олган шахсларга юқоридаги касблар ва ишлар билан шуғулланишга рухсат берилди дея талқин қилиш мумкин.