Давлат солиқ қўмитаси фуқароларга қулайлик туғдириш мақсадида янги интерактив хизматни жорий қилди. Бунга кўра, энди фуқаролар ўз СТИР (ИНН) рақами ва солиқлардан қарздорлиги ҳақида SMS орқали маълумот олиши мумкин. Бу ҳақида қўмитанинг расмий сайтида хабар берилган.
Мазкур интерактив хизмат Beeline ва Ucell алоқа оператори абонентлари учун амал қилади. Бунинг учун 1077 қисқа рақамига i ҳарфини юбориш лозим. Шунда Сизга қандай тартибда маълумот олиш лозимлиги ҳақида жавоб SMS келади. Жавоб SMSлари ўзбек ҳамда рус тилларида юборилади.
Мазкур интерактив хизматдан фойдаланиш учун мана бу йўриқномани ўқиб олсангиз фойдадан ҳоли бўлмас эди.
Юборилган ҳар бир SMS учун абонентнинг тариф режасида белгиланган нарх ушлаб қолинади холос.
Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси сайтида хабар берилишича, ушбу интерактив хизматдан шунингдек Android операцион тизимидаги замонавий смартфонлар учун янги ишлаб чиқилган мобил дастур ёрдамида ҳам қулай ва осон фойдаланиш мумкин.
Смартфонлар учун махсус ишлаб чиқилган дастур давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтига ва Google Market тизимига жойлаштирилган. Интерактив хизматдан фойдаланиш бепул ҳамда ундан фойдаланиш учун электрон рақамли имзо талаб қилинмайди.
2013 йилнинг 9 ойи давомида «СТИРингизни аниқланг» интерактив хизматга жами 12 мингдан ортиқ мурожаатлар бўлган.