Yangi hujjatlar

2013 йилда ёш оилаларга 346 миллиард сўм ипотека кредити ажратилган

2013 йилда ёш оилаларга 346 миллиард сўмдан ортиқ, яъни ўтган йилга нисбатан 10 фоиз кўп ипотека кредитлари ажратилган. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2013 йил 6 декабрь куни пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» Халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Конституциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда сўзлаган маърузасида таъкидлаб ўтди.

Давлатимиз раҳбари охирги йилларда аҳолимизнинг турмуш даражаси ошиб, аввало, ҳаётимиз сифати тобора юксалиб бораётганлигига урғу бериб, бунинг исботи сифатида бир қанча статистик рақамларни келтириб ўтди.

“2013 йилнинг ўзида қишлоқ аҳлига уй-рўзғор буюмлари сотиб олиш учун қарийб 68 миллиард сўмлик истеъмол кредитлари, ёш оилаларга уй-жой қуриш ва уларнинг шу борадаги интилишларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 346 миллиард сўмдан ортиқ, яъни ўтган йилга нисбатан 10 фоиз кўп ипотека кредитлари ажратилганини таъкидлаш зарур”, – деди Ислом Каримов.

Шунингдек, Президентимиз ҳозирги вақтда мамлакатимизда яшаётган ҳар учта оиланинг биттаси шахсий енгил автомобилга эга эканлигини, юртимиздаги ҳар 100 та оилага ўртача 80 та холодильник, 146 та телевизор тўғри келишини таъкидлади. Бу эса баъзи оилаларда икки-учтадан телевизор борлигини кўрсатади. Шунингдек, аҳолининг кир ювиш машинаси, пилесос, микротўлқинли печлар, шахсий компьютер ва бошқа зарур воситалар билан таъминланиш даражаси ортиб бораётганлиги ҳам Президент маърузасида қайд этиб ўтилди.

“Республикамизда мобиль алоқа хизматидан фойдаланувчилар сони 19 миллион нафарни ташкил этиб, ҳар бир оилага ўртача 3 та уяли телефон тўғри келмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда интернет абонентлари сони ўтган йилга нисбатан 18,3 фоизга ўсиб, ҳозирги пайтда 7 миллион 100 минг нафарни ташкил этмоқда”, – дея таъкидлади Ўзбекистон Президенти.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига