Yangi hujjatlar

Юридик таълим муассасалари талабаларининг амалиёт ва стажировка ўташ тартиби тўғрисида Низом қабул қилинди

2013 йил 31 декабрь куни “Юридик таълим муассасалари (ҳарбий, махсус олий таълим муассасаларидан ташқари) талабалари томонидан таништирув ва малакавий амалиётни, шунингдек стажировкани ўташ тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор қабул қилинди. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Н. Йўлдошев, Олий суд раиси Б. Мустафаев, Олий хўжалик суди раиси К. Камилов, Бош прокурор Р. Қодиров, Молия вазири Р. Азимов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Б. Ходиев томонидан имзоланган.

Мазкур Низом «юриспруденция» мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлашни амалга оширувчи олий таълим муассасалари (ҳарбий, махсус олий таълим муассасаларидан ташқари) талабалари томонидан таништирув ва малакавий амалиётни, шунингдек стажировка ўташ тартибини белгилайди.

Ушбу Низомда бир қатор тушунчаларга изоҳ берилган бўлиб, унга кўра:

амалиёт — назарий билимларни мустаҳкамлаш, амалий кўникма ва маҳорат ҳосил қилиш, таълим дастурининг маълум (якуний) қисмидаги мавзуси бўйича материаллар тўплаш учун ўтказиладиган ўқув жараёнининг бир қисми;

талаба стажировкаси — магистрлик диссертациясининг амалий қисми материалларини ишлаб чиқиш билан биргаликда ўқиш давомида олинган амалий ва назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлашга йўналтирилган ўқув жараёнининг бир қисми;

таништирув амалиёти — бакалавриатнинг II курс талабалари томонидан келажакдаги касбий фаолият ҳақида бошланғич маълумотларни олиш ва назарий билимларни мустаҳкамлаш мақсадида ўталадиган амалиёт тури;

малакавий амалиёт — бакалавриатнинг III ва IV курс ва магистратуранинг I курс талабалари томонидан назарий билимларни мустаҳкамлаш, амалий кўникма ва ўқув ҳосил қилиш, таълим дастурининг маълум (якуний) қисмидаги мавзуси бўйича материаллар тўплаш мақсадида ўталадиган амалиёт тури;

диплом олди амалиёти — таълимнинг якунловчи босқичи ҳисобланадиган ва бакалавриатнинг IV курс талабалари томонидан назарий ва амалий таълим дастурлари ўзлаштирилгандан сўнг битирув малакавий ишининг мавзуси бўйича материаллар тўплаш мақсадида ўталадиган малакавий амалиёт тури.

Таништирув амалиёти бакалавриатнинг 4-семестри якунидан сўнг, яъни 2-курсни якунлагандан кейин ўтказилади. Таништирув амалиётининг давомийлиги 3 ёки 4 та ташкилотларда бир ойни, яъни ҳар бир ташкилотда тахминан 1 ҳафтадан муддатни ташкил этади.

Малакавий амалиёт:
бакалавриат талабалари учун 6-семестр якунидан, яъни 3-курсдан сўнг;
магистратура талабалари учун 2-семестр якунидан, яъни 1-курсдан сўнг ўтказилади.
Малакавий амалиётнинг давомийлиги бакалавриат талабалари учун бир ой, магистратура талабалари учун эса бир ярим ойни ташкил этади.
Амалиётни ўташ жойи танланган бакалавриат йўналиши ва магистратура мутахассислигини инобатга олган ҳолда амалиётни ўташ дастури билан белгиланади.

Диплом олди амалиёт бакалавриатнинг IV курс талабалари учун 7-семестр якунланганидан сўнг ўтказилади.
Диплом олди амалиётининг давомийлиги икки ярим ойни ташкил этади.
Амалиёт ўташ жойи талаба томонидан ОТМдаги амалиёт раҳбари билан келишилган ҳолда танланган бакалавриат йўналиши ва битирув малакавий иши мавзусига асосан танланади.
Бакалавриат талабалари 7-семестр мобайнида ўқишдан ажралмаган ҳолда амалий кўникмаларни ривожлантириш бўйича курсларни ўташлари мумкин.

Стажировка магистратура талабалари учун 3-семестр якунланганидан сўнг ўтказилади.
Стажировканинг давомийлиги уч ярим ойни ташкил этади.
Амалиёт (стажировка)ни ўташдан озод қилишга йўл қўйилмайди.
Амалиёт (стажировка)ни ўташ жараёнида талаба томонидан ОТМдан бериладиган амалиёт (стажировка) кундалиги юритилади.
Амалиёт (стажировка) бўйича баҳо таълим бўйича баҳоларга тенглаштирилади ва талабалар умумий ўзлаштиришининг якунларини чиқаришда инобатга олинади.
Амалиёт (стажировка) якунлари бўйича қониқарсиз баҳо, шунингдек узрли сабабларсиз амалиёт (стажировка)га келмаслик белгиланган тартибда академик қарздорликка эга бўлган талаба сифатида, ОТМ талабалари сафидан чиқарилишига асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Қарорнинг тўлиқ матни билан Миллий қонунчилик базасида танишишингиз мумкин.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (1)
  • Йўқ (2)
  • Бироз (1)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига