Тошкентда 15 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар транспорт вазирларининг олтинчи кенгаши бўлиб ўтди. Бу ҳақида ЎзА хабар бермоқда.
Кенгаш ишида Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси транспорт маҳкамалари раҳбарлари, шунингдек, ШҲТ Бош котибининг ўринбосари А.Носиров иштирок этгани қайд этилади хабарда.
Кенгаш Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Э.Ғаниев раислигида ўтди.
ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари (Бош вазирлари)нинг бўлиб ўтадиган мажлисида ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида автомобилда халқаро ташувлар учун қулай шароит яратишга оид битимни имзолашга тайёрлаш транспорт соҳасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг муҳим вазифаси экани ҳамда бу битим минтақада автомобиль қатновини ривожлантириш, ташкилотга аъзо давлатларнинг транспорт салоҳиятини, ўзаро савдо-сотиқ ҳамда инвестициялар ҳажмини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
Кенгашда транспорт соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришни давом эттириш, транспорт инфратузилмасини, хусусан, темир йўл транспорти объектларини қуриш ва фойдаланишга топшириш, транзит ташишлар ҳажмини кўпайтириш, юкларни темир йўл транспортида ташишда тарифларни оптималлаштиришга доир сиёсат ҳамда юкларга бандаргоҳларда ва чегарадан ўтишда ишлов беришда комплекс ставкаларни мувофиқлаштириш учун имкон қадар қулай шарт-шароит яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш орқали ҳамкорликни жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор бериш тўғрисида келишиб олинди.
Шунингдек, ҳаво транспорти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, чунончи, аэронавигация соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро аэропортларни ташкил қилиш ва бошқариш, истиқболда ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида янги ҳамда иқтисодий жиҳатдан самарали авиайўналишларни шакллантириш бўйича тажриба алмашиш, минтақада янги халқаро интермодал логистика марказларини ташкил этиш ва фаолият кўрсатаётган марказлар имкониятларидан самарали фойдаланишга доир масалалар ҳам кўриб чиқилди.