28 ноябрь куни Қирғизистон Республикаси Бош вазири Жанторо Сотиболдиев Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг ўн иккинчи мажлисида иштирок этиш учун Тошкент шаҳрига келди. Бу ҳақида Қирғизистон Республикаси Ҳукуматининг матбуот хизмати хабар берган.
Қирғизистон Республикаси Бош вазирини Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олган. Шунингдек, икки давлат Ҳукумат раҳбарлари ўртасида музокара ўтказилиб, музокара чоғида Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларига доир кенг кўламли масалалар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Музокара чоғида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Қирғизистоннинг барқарор ривожланишидан манфаатдор эканлигини таъкидлади.
“Мазкур учрашув икки томонлама ҳамкорликдаги энг муҳим масалалар юзасидан фикр алмашиш ва асосийси мураккаб саволларга ечим топиш учун яхши имкониятдир. Биз яқин қўшни давлат сифатида Қирғизистоннинг барқарор ривожланишидан манфаатдормиз. Узоқ тарихий давр мобайнида халқларимиз бир-бирига елкадош бўлиб яшаб келишган ва икки қардош миллатни диний ҳамда маданий қадриятлар умумлаштириб туради”, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири бугунги музокарага кўплаб вазирлик ва қўмита раҳбарларини ҳам таклиф қилганини алоҳида таъкидлади. “Биз чегара ҳудудлари билан боғлиқ бир қатор муҳим ҳужжатларни имзолашдан манфаатдормиз”, – дея таъкидлади Ш.Мирзиёев.
Ўз ўрнида Қирғизистон Республикаси Бош вазири Жанторо Сотиболдиев Қирғизистон ҳукумати икки томонлама муносабатлар юзасидан кенг кўламли конструктив музокара олиб боришга тайёр эканлигини билдирди.
“Сўнги вақтларда ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ечиш лозим бўлган бир қатор муаммоли масалалар пайдо бўлмоқда. Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга жиддий эътибор бермоқда. Шу ўринда мен Ҳукуматлараро комиссия фаолиятини жонлантиришни таклиф қилмоқчи эдим. Қайд этиш жоизки, 2009 йилдан буён мазкур комиссия биронта ҳам йиғилиш ўтказгани йўқ. Ишонаманки, ўзаро ҳамкорликда ҳаракат қилсак, Қирғизистон-Ўзбекистон Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлисини яқин вақтлар ичида Бишкек шаҳрида ўтказишимиз мумкин. Агарда музокаралар олиб борилса, исталган масала юзасидан келишувга эришиш мумкин. Ва бугунги учрашув икки томонлама муносабатларни ривожлантиришни янги босқичга кўтаришга хизмат қилишига ишонаман”, – дея фикр билдирди Жанторо Сотиболдиев.
Суҳбат чоғида Қирғизистон Республикаси Бош вазири икки давлат ўртасидаги чегарадош вилоятлар ва ҳудудлар борасида ҳукуматлараро алоқаларни доимий равишда йўлга қўйиш лозим эканлигига алоҳида урғу бериб, бунинг натижасида ўзаро тинч-тотув қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, савдо-сотиқни ривожлантириш, чегара ва чегара олди ҳудудларда юзага келадиган муаммоларни ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлади.
Музокара чоғида томонлар сув-энергетика масалаларини, газ етказиб бериш, минерал ўғитлар, Қирғизистон-Ўзбекистон чегара пунктлари, айниқса, “Дўстук” чегара пунктида тўлиқ фаолият амалга ошириш борасида атрофлича муҳокама қилдилар.
Ҳукумат раҳбарлари Қирғизистондан Ўзбекистонга кўмир етказиб бериш масаласини ҳам кўриб чиқдилар.
Музокара якунида икки давлат Ҳукумат раҳбарлари ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга тўсқинлик қилувчи масалаларни босқичма-босқич ҳал қилишга келишиб олдилар.
Учрашув сўнгида Қирғизистон Республикаси Бош вазири Ж.Сотиболдиев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёевни исталган қулай вақтда Қирғизистонга ташриф буюришга таклиф қилди.