21 март кунидан ўзбек блогерлари ўртасида иккинчи чемпионатга старт берилади. Мазкур чемпионат Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг молиявий кўмагида ташкил қилинаётган бўлиб, ундан кўзланган асосий мақсад ўзбекистонлик интернет-фойдаланувчилари орасида профессионал блог юритиш кўникмаларини ривожлантириш орқали уларнинг фуқаролик жамиятидаги фаоллигини оширишдир.
Чемпионат жами 3 босқичда ташкил қилинади ва апрель ойининг сўнггига қадар давом этади. Танловнинг умумий соврин жамғармаси қарийб 10 млн. сўмни ташкил қилмоқда.
Мазкур танловда қатнашиш шартлари ва ўтказилиш тартибига оид асосий саволларга қуйида жавоб олишингиз мумкин:
Ўзбек блогерлари чемпионатининг расмий қоидалари билан танишингЎтказилиш муддати қачон?
1-босқич: 21 март – 2 апрель, иштирокчилар сони чекланмаган;
2-босқич: 7-14 апрель, энг яхши 30 нафар блогер иштирокида;
Финал: 19-26 апрель, энг яхши 10 нафар блогер иштирокида.
Ғолиблар қандай совринлар билан мукофотланади?
Ғолиблар қуйидаги совринлар билан тақдирланишади:
1-ўрин: 4 миллион сўм.
2-ўрин: 2 миллион сўм.
3-ўрин: 1 миллион сўм.
Шунингдек, қуйидаги номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланади:
- “Ватанпарварлик мавзусида ёзилган энг яхши иш” – 750 минг сўм.
- “Ўзбекистонда ёшлар ҳаётини ёритган энг яхши блогер” – ҳамкоримиз Telegraf.uz ахборот-таҳлилий портали томонидан 500 минг сўм билан мукофотланади.
- “Ижтимоий муаммоларни ноодатий тарзда ёритган блогер” – энг сара бадиий китоблар тўплами (Telegraf.uz мукофоти)
- “Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилган энг яхши блогер” – ҳамкоримиз Championat.asia сайти томонидан 500 минг сўм билан мукофотланади.
- “IT Blog” – ҳамкоримиз UzInfoCom компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази мазкур номинация бўйича 3 нафар блогерга 2 йил муддатга 500 мб. хостинг ажратади ҳамда танланган блогерларга www.index.uz техноблогида 3 та текин PR-мақола жойлаштириш ҳуқуқини беришади (аслида техноблогда битта PR-мақола жойлаш 150 минг сўм). Шунингдек, “IT Blog” номинацияси бўйича танлаб олинган блогерлар учун www.index.uz техноблогида алоҳида саҳифа ҳам ажратилади.
Махсус номинация:
“Ўз ишларида ўзбек тилининг имло қоидаларига амал қилган энг яхши блогер” – Ўзбекистон Миллий энциклопедиялар тўплами (13 та том) (Telegraf.uz мукофоти)
Шунингдек, ҳамкоримиз UzInfoCom маркази томонидан финалга йўл олган барча 10 нафар блогерларга 2 йил муддатга текин хостинг ажратилади. Бунда 1-3 ўринларни олган блогерларга 1 гб. ҳажмдаги, қолган 7 нафар финалчиларга эса 250 мб. ҳажмдаги хостинг тақдим этилади.
Кимлар қатнашиши мумкин?
Танловда миллати, жинси, ёши ва яшаш жойидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган жисмоний шахслар қатнаша олади.
Чемпионатда ўзбек ёки қорақалпоқ тилида ёзилган ишлар қабул қилинади.
Эътиборли томони, танловда нафақат блог юритадиган, балки блоги мавжуд бўлмаган шахслар ҳам бемалол қатнашиши мумкин.
Қатнашиш тартиби қандай?
Қатнашиш тартиби жуда оддий:
- Энг аввало танловни ўтказиш учун махсус яратилган http://blog.telegraf.uz сайтида рўйхатдан ўтилади;
- Шундан сўнг ўзининг блогпости манзилини ушбу сайт орқали ташкилотчиларга тақдим этади. Бўлди, иштирокчилардан бошқа ортиқча нарса талаб қилинмайди.
Шахсий блоги мавжуд бўлмаган шахслар эса ўз ишларини uzblogerlar@gmail.com электрон почтасига юборишса бўлди, танловга қабул қилинади.
Биринчи босқич учун 2015 йил 1 январдан 2015 йил 2 апрелга қадар ёзилган блогпостлар қабул қилинади. Қолган босқичлар учун эса янги блогпост ёзилиши керак.
Ҳар бир босқичда фақат бир дона блогпост топширилади.
Блоги йўқ шахсларнинг ишлари қаерда эълон қилинади?
Блоги йўқ шахслар томонидан uzblogerlar@gmail.com электрон почтасига юборилган ишлар Fikr.uz сайтида «Блогерлар чемпионати» умумий рукни остида муаллифи кўрсатилган ҳолда чоп этилади.
Қандай мавзуда ёзиш керак?
Танловнинг барча босқичида блогерлар эркин мавзуда ижод қилишлари мумкин. Айнан танлаб олинган мавзу берилмайди.
Блогпостга қандай талаблар қўйилади?
Блогерлар исталган кўринишда блогпост ёзиши мумкин. Блогпост ҳажми чекланмаган. Блогпост шаклига (матн, фото, видео, аудио ва ҳ.к.) ҳам чеклов йўқ. Бу блогернинг ўз услубига ва креативлигига ҳавола. Кимдир фақат матн, кимдир фақат шеър, кимдир фақат фото ёки видео тақдим қилиши мумкин. Барча ишлар қабул қилинади.
Ғолиблар қандай аниқланади?
Ғолиблар овоз бериш йўли билан аниқланади. 1-босқичда фақат ҳакамлар ҳайъати овоз бериши мумкин, иккинчи ва финал босқичида эса ҳакамлар, блогерлар ва оддий ўқувчиларнинг овози ҳам ҳисобга олинади.
Танловнинг тўлиқ қоидалари билан қуйидаги саҳифа орқали танишишингиз мумкин.
http://old.xushnudbek.uz/blogerlar-tanlovining-rasmiy-qoidalari/
2 фикр
Pingback: O'zbek blogerlar chempionati qoidalari e'lon qilindi
Pingback: O’zbek blogerlar chempionati qoidalari e’lon qilindi | Blog