Бундан бироз аввал блогерлар танловига келиб тушган аризалар сони 100 тадан ошганлиги ҳақида хабар берган эдим. Соат сайин аризалар сони кўпаймоқда ва ҳозирги вақтга келиб улар сони 116 тага етди. Бу ўтган йилги танлов натижасини такрорладик дегани.
Ҳали биринчи босқич якунига яна бир ҳафта муҳлат борлигини ҳисобга олсак, ушбу рақам янада каттароқ кўриниш ҳосил қилишига ишончимиз комил.
Эътиборли ва қувонарли томони танловга келиб тушаётган ишлар бир-биридан яхши, бир-биридан мазмунли. Қайсидир бирини яққол ажратиб кўрсатиб бўлмайди. Ва бундай ишлар сони анча-мунчани ташкил қилмоқда.
Биз (ташкилотчилар) мавжуд вазиятни ҳисобга олиб, блогерларга яна бир қўшимча имконият беришни маъқул деб топдик ва қоидаларга битта ўзгартириш, битта қўшимча киритилди:
1. Ўзгартириш: Хабарингиз бор, биринчи босқичдан 30 нафар блогер кейинги босқичга йўл олиши белгиланган эди. Шуни 50 кишига ўзгартиришга қарор қилинди. Яъни эндиликда энг юқори ўртача балл тўплаган 50 нафар блогер иккинчи босқичда кураш олиб боради ва 10 нафар финалчини бизга аниқлаб беради.
Умид қиламизки, мазкур ўзгартириш блогерлар учун фойдали бўлади. Нафақат блогерлар, балки муштарийлар ҳам янада кўпроқ фикрлар, янада кўпроқ ижод маҳсули билан танишишга муваффақ бўлишади.
2. Қўшимча: Қоидаларда назарда тутилмаган бир вазиятга изоҳ бериб ўтмоқчимиз. Агарда овоз бериш якунларига кўра, квотанинг энг сўнгида бир неча блогер бир хил балл тўпласа, унда бир хил балл тўплаган барча блогерлар кейинги босқичга йўл олади. Мазкур қоида биринчи ва иккинчи босқич учун амал қилади. Агар финал босқичида дастлабки учта совринли ўриндан қайсидир бири учун бир неча блогер бир хил балл тўпласа, унда ғолиб ҳакамлар ҳайъати ўртасида овозга қўйиш орқали аниқланади.
Сизларга айтмоқчи бўлган асосий янгилигимиз шундан иборат эди.
Фаолликни бир дақиқа бўлса-да тўхтатманг, блог юритинг, блогпост ёзинг, ёзилганларни ўқинг ва уларга фикр билдиринг! Хуллас, биз билан ҳамнафас бўлинг!
Ҳурмат билан,
Ташкилотчилар.
2 фикр
Pingback: Blogerlar tanlovi qoidalariga ayrim o‘zgarishlar kiritildi
Pingback: Blogerlar tanlovi qoidalariga ayrim o‘zgarishlar kiritildi | Blog