Yangi hujjatlar

Ислом Каримовнинг Жанубий Кореяга ташрифи чоғида жами 7,7 млрд. долларлик 60 та ҳужжат имзоланди

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг таклифига биноан 27-29 май кунлари давлат ташрифи билан Корея Республикасида бўлди. Бу ҳақида, ЎзА хабар бермоқда.

korea-uzb (1)

Таомилга биноан Ўзбекистон Президенти шарафига Сеул аэропортида икки мамлакатнинг давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди. Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.

Корея Республикаси раҳбарининг “Чонг Ва Дэ” (“Мовий сарой”) қароргоҳида олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Фахрий қоровул саф тортди. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул олдидан ўтдилар.

korea-uzb (4)

Давлатимиз раҳбари саройнинг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат битди.

Корея Республикаси томони Ислом Каримов Ўзбекистон Президенти этиб қайта сайланганидан кейин давлат ташрифи билан биринчи бўлиб Жанубий Кореяга келгани учун самимий миннатдорлик билдирди. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги серқирра ҳамкорлик кўлами ва уни янада кенгайтириш истиқболларидан, шунингдек, Ўзбекистон кўп томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришга катта аҳамият қаратаётганидан далолатдир.

Томонлар товар айирбошлаш ҳажми барқарор юксалиб бораётгани ва сўнгги йилларда бу кўрсаткич мунтазам 2 миллиард АҚШ долларидан ошаётганини таъкидлади. Шу муносабат билан Жанубий Корея томони Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида Корея Республикаси бизнесининг йирик савдо-инвестиция шериги ҳисобланишини қайд этди.

Музокаралар якунида Президентлар барча йўналишлардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболлари белгилаб берилган Қўшма декларацияни имзоладилар.

korea-uzb (16)

Умуман, ташриф доирасида ва бўлиб ўтган Ўзбекистон – Корея бизнес-форуми якунлари бўйича 60 битим ва шартнома имзоланди. Уларнинг 55 таси савдо-иқтисодий, инвестиция ва молиявий-техник ҳамкорлик соҳасига тааллуқлидир. Инвестициявий ҳамкорлик соҳасида 34 битим, жумладан, нефть-кимё ва кимё соҳасида 5 лойиҳа, автомобиль саноатида 9, электротехника соҳасида 5 лойиҳа имзоланди.

Президент Ислом Каримов ташриф доирасида 29 май куни Корея Республикаси Бош вазири вазифасини бажарувчи Чой Кёнг Хван, Жанубий Корея газ корпорацияси президенти Ли Жонг Хо, “Лотте групп” компанияси раиси Шин Донг Бин, “Лотте Кемикал” компанияси президенти ва бош ижрочи директори Ху Су Ёнг, “Ханжин групп” ва “Кореан Эйр” компанияси раиси Чо Янг Хо, Корея Республикаси Экспорт-импорт банки президенти Ли Дук Хун ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги президенти Ким Ёнг Мокни қабул қилди. Музокаралар чоғида иқтисодий ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Суратлар: http://president.go.kr

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (9)
  • Йўқ (2)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига