Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлигининг ҳамкорликда 2014 йилнинг биринчи ярмида республика ва маҳаллий бюджетдан молиялаштириладиган 143 ташкилотда текширув ўтказди. Текширув натижалари ҳақидаги маълумот ЎзА сайтида эълон қилинган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида ҳам молиявий текширувлар ўтказилган.
Натижада Қўмита ва унинг 21 бўлинмасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлардан мақсадли фойдаланиш текширилганда, белгиланган чекланган сондан ташқари 37 енгил автомобиль мавжудлиги ва уларни сақлаш учун 106,4 миллион сўм ортиқча маблағ сарфлангани аниқланди.
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимидаги ташкилотлар томонидан бюджет маблағлари ҳисобидан харид қилинган асосий воситаларни сотишдан тушган маблағларнинг 234,8 миллион сўми ёки 50 фоизи бюджетга ўтказилмаган.
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимидаги ташкилотларда мамлакат табиий ресурсларидан фойдаланиш устидан назорат тегишли даражада ўрнатилмаган. Виждонсиз тадбиркорлар бундан фойдаланиб, табиий ресурсларимизни талон-тарож қилмоқда.
Мисол учун, хусусий тадбиркорлар Р.Зокиров ва А.Хегай 525,36 тонна ва 635,76 тонна қизилмия ўсимлигини экспорт қилган. Ҳужжатларни ўрганиш чоғида ушбу маҳсулотни экспорт қилиш учун рухсатнома қалбакилаштирилгани аниқланди. Бунинг натижасида маҳсулот экспортига рухсат олиш учун 274,3 ва 310,6 миллион сўм йиғим тўланмаган. Бундан ташқари, мазкур ўсимлик рухсатсиз терилгани туфайли умумий қиймати 25,7 миллиард сўм зарар етказилган.
Молиявий назорат якунлари бўйича молиявий ҳуқуқбузарлик ва камчиликлар аниқланган текшириш материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилган.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлиги томонидан бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда давлат молиявий назорати тизимли асосда давом эттирилиши ва ажратилаётган бюджет маблағларидан нооқилона, мақсадсиз фойдаланишга йўл қўйган ҳар қандай масъул ходим қонунчилик доирасида жавобгарликка тортилишини яна бир бор эслатиб ўтамиз, – дейилади Ҳисоб палатаси ҳамда Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси хабарида.