Yangi hujjatlar

O‘zLiDeP: иқтисодиётни либераллаштириш фаровонлик омили

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан Денов туманида “Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш, тадбиркорликка янада кўпроқ эркинлик бериш – иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш ва халқ фаровонлигини таъминлашнинг асосидир” мавзуида амалий мулоқот ўтказилди.

Photo: O‘zLiDeP матбуот хизмати

Photo: O‘zLiDeP матбуот хизмати

Унда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, партия вилоят кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари маҳаллий кенгаш депутатлари, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси вилоят бошқармаси, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бўлимлари, тижорат банклари вакиллари, партия фаоллари – тадбиркор ва фермерлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш – иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш масалалари бўйича таҳлилий чиқишлар муҳокамаларнинг асосий мавзусига айланди.

Амалий мулоқотда яқинда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда унинг ижроси доирасида қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгилаб берилган вазифалар ва унинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилди.

– Мазкур фармон ва қарор ишбилармонликни ривожлантириш йўлалидаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади, – дейди Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Рўзиев. – Президент қарорига биноан, 2014 йил 1 июндан 22 турдаги тадбиркорлик соҳасидаги рухсат бериш тартиботлари бекор қилинади, 21 турдаги лицензия ва рухсат бериш характерига эга ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари ўртача 2,1 марта қисқартирилади, 11 турдаги лицензияланадиган фаолият турларини расмийлаштириш учун ундириладиган йиғимлар миқдори ўртача 4 баробарга камайтирилади, 31 турдаги лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатларни расмийлаштириш тартиботлари айрим турдаги ҳужжатларни тақдим этиш ва баъзи ваколатли органлар билан келишиш бўйича ортиқча талабларни бекор қилиш ҳисобига соддалаштирилиши муҳим аҳамиятга эга. Бу имтиёзларнинг замирида жуда ҳам катта маблағларнинг тадбиркорлар фойдаси учун иқтисод қилиниши назарда тутилган бўлиб, бу айни пайтда соҳани янада ривожлантириш, техник ва технологик жиҳатдан янада такомиллаштириш имконини беради.

Photo: O‘zLiDeP матбуот хизмати

Photo: O‘zLiDeP матбуот хизмати

Шунингдек, жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида махсус “тадбиркорлик субъектининг кабинети” яратилади. У орқали тадбиркорлик субъектлари молия, солиқ, статистика ва бошқа турдаги ҳисоботларни интерактив расмийлаштириш ва тақдим этиш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни, коммунал тўловларни, лицензия ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатлар бўйича кўриб чиқишда ва уларни олишда тўланадиган йиғимларни ва давлат божларини Интернет-банкининг тизими орқали тўлаш, маълумотномалар олиш ва бошқа интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш имконига эга бўладилар.

Тадбирда Президентимизнинг мазкур фармон ва қарорларининг мазмун-моҳяти, аҳамияти ҳақида батафсил тушунтиришлар берилиб, O‘zLiDeP электорати манфаатларига тўла жавоб берадиган ушбу ҳужжатлар мамлакат иқтисодий тараққиётига, пировардда аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилашга хизмат қилиши алоҳида эътироф этилди.

Матн: O‘zLiDeP матбуот хизмати

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (1)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига