Yangi hujjatlar

Тез орада мукофот жамғармаси 10 миллион сўмга яқин бўлган блогерлар танловига старт берилади

2013 йилнинг сўнггида, анриқроғи 30 декабрь куни ўзбек блогерлари орасида илк чемпионатга старт берган эдик. 3 ой давом этган илк чемпионат 5 босқичли тизимда ташкил қилинди. Мазкур лойиҳа давомида бир-биридан ажойиб, қизиқарли блогпостлар ёзилди, янги номлар кашф этилди, ўзаро фикрлар алмашилди. Ўзбек блогерлари олами сезиларли равишда жонланди. Мана шуларни кузата туриб, лойиҳа ўз олдига қўйган мақсадига имкон қадар эриша олган эди деб ишонч билан айтиш мумкин.

UZB_logo_yellow

Илк чемпионатда жами 116 нафар блогер иштирок этиб, бутун чемпионат давомида 221 та блогпост ёзилган эди. Батафсил

Дастлабки чемпионат муваффақиятли ўтгандан сўнг, бизда чемпионатнинг иккинчи мавсумини ўтказиш иштиёқи кучайди. Аммо мазкур чемпионат келажаги бор лойиҳа бўлганлиги сабабли, унинг давомийлигини сақлаш учун фақат сон эмас, сифатга алоҳида эътибор бериш лозимлигини инобатга олиб, узоқ муддат бўлса-да, лойиҳа устида изланишлар олиб бордик, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ҳаракатида бўлдик.

Мана орадан салкам 1 йил вақт ўтиб, биз чемпионатнинг иккинчи мавсумига старт бериш арафасида турибмиз ва бу хабарларни Сизларга мамнуният билан етказяпман.

Демак, Наврўз байрами кунида Ўзбек блогерлари чемпионатининг иккинчи мавсумига старт берамиз.

Мазкур чемпионатни олдингисига қараганда анча савияли ўтказишни ният қилганмиз. Хусусан, чемпионатнинг иккинчи мавсуми учун блогерларни бирлаштирадиган махсус портал ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, соврин жамғармаси ҳам ҳазилакам эмас, албатта.

Ғолиблар қуйидаги совринлар билан тақдирланишади:

1-ўрин: 4 миллион сўм;

2-ўрин: 2 миллион сўм;

3-ўрин: 1 миллион сўм.

Шунингдек, қуйидаги номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланади:

  1. “Ватанпарварлик мавзусида ёзилган энг яхши иш” – 750 минг сўм.
  2. “Ўзбекистонда ёшлар ҳаётини ёритган энг яхши блогер” – 500 минг сўм.
  3. “Ижтимоий муаммоларни ноодатий тарзда ёритган блогер” – бадиий китоблар тўплами.
  4. “Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилган энг яхши блогер” – ҳамкоримиз Championat.asia сайти томонидан 500 минг сўм билан мукофотланади.
  5. “IT Blog” – ҳамкоримиз UzInfoCom компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази мазкур номинация бўйича 3 нафар блогерга 2 йил муддатга 500 мб. хостинг ажратади ҳамда танланган блогерларга www.index.uz техноблогида 3 та текин PR-мақола жойлаштириш ҳуқуқини беришади (аслида техноблогда битта PR-мақола жойлаш 150 минг сўм). Шунингдек, “IT Blog” номинацияси бўйича танлаб олинган блогерлар учун Index.uz техноблогида алоҳида саҳифа ҳам ажратилади.

Махсус номинация:

“Ўз ишларида ўзбек тилининг имло қоидаларига амал қилган энг яхши блогер” – Ўзбекистон Миллий энциклопедиялар тўплами (13 та том) ва Ўзбек тилининг изоҳли луғатлари тўплами (5 та том).

Шунингдек, ҳамкоримиз UzInfoCom маркази томонидан финалга йўл олган барча 10 нафар блогерларга 2 йил муддатга текин хостинг ажратилади. Бунда 1-3 ўринларни олган блогерларга 1 гб. ҳажмдаги, қолган 7 нафар финалчиларга эса 250 мб. ҳажмдаги хостинг тақдим этилади.

Албатта ҳақли савол туғилади: танловда қандай қатнашиш мумкин? Танлов шартлари билан қаерда танишса бўлади?

Ушбу саволларга тўлиқ жавобни тез кунда албатта етказамиз. Ҳозирча танловда қатнашишга доир энг керакли маълумотлар билан ўртоқлашмоқчи эдим:

  • Танловда барча иштирок эта олади: шахсий блог юритадиганлар ҳам, умуман блоги йўқлар ҳам. Блоги мавжуд бўлмаган иштирокчиларнинг қатнашиш шартларини кейинроқ маълум қиламиз;
  • Танловда ўзбек ва қорақалпоқ тилларида ёзилган ишлар қабул қилинади;
  • Танлов 3 босқичда ўтказилади. 1-босқичда иштирокчилар сони чекланмаган, 2-босқичда энг яхши 30 нафар блогер саралаб олинади, финал босқичида эса 10 нафар блогер куч синашади;
  • Танловнинг биринчи босқичида қатнашиш учун 2014 йил 1 апрелдан 2015 йил 1 апрелга қадар ёзилган блогпостлар тақдим этилиши мумкин. Шу сабабли, танловга старт берилишини кутиб ўтирмасдан, бемалол бугундан блог ёзишга киришишингиз мумкин;

Изоҳ: мазкур қоидага қисман ўзгартириш киритилиб, 2015 йил 1 январдан буён ёзилган блогпостлар танловга қабул қилиниши белгиланди.

  • Танловнинг биринчи босқичига 3 тагача ишлар тақдим этиш мумкин;

Изоҳ: мазкур қоидага ўзгартириш киритилиб, ҳар бир босқич учун фақат битта блогпост топширилиши кераклиги белгиланди.

  • Блогерлар исталган кўринишда блогпост ёзиши мумкин. Блогпост ҳажми чекланмаган. Блогпост шаклига (матн, фото, видео, аудио ва ҳ.к.) ҳам чеклов йўқ. Бу блогернинг ўз услубига ва креативлигига ҳавола.
  • Танлов ғолиблари апрель ойининг охирларида аниқланади.

Ҳозирча шулар. Сизга маслаҳатим, бугундан қўлга қалам олиб, блог юритишни бошланг. Танловда қатнашинг ва миллионерга айланинг! Барчангизга омад тилайман!

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (51)
  • Йўқ (3)
  • Бироз (0)

Битта фикр

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига