Yangi hujjatlar

Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар вазирларининг кенгаши бўлиб ўтди

Тошкентда 23 октябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатларнинг ташқи иқтисодий ва ташқи савдо фаолияти учун масъул вазирларининг ўн иккинчи кенгаши бўлиб ўтди. Бу ҳақида ЎзА хабар бермоқда.

Хабарда таъкидланишича, Кенгаш ишида Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси ташқи иқтисодий ва ташқи савдо маҳкамалари раҳбарлари, шунингдек, ШҲТ Бош котибининг ўринбосари А.Носиров ва ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши Ижрочи котиби С.Канавский иштирок этди.

Амалий ва дўстона руҳда ўтган кенгаш давомида ШҲТ доирасида минтақада иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришга оид кўплаб масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, делегация раҳбарларининг ШҲТ доирасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва истиқболи, ШҲТ Котибиятининг ташкилотга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастури ва 2012-2016 йилларда ШҲТ доирасида лойиҳавий фаолиятни янада ривожлантириш тадбирлари рўйхатига оид ахбороти, шунингдек, 2012-2013 йилларда ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши ва Банклараро бирлашмаси фаолияти тўғрисидаги маърузалар тингланди.

Тадбир иштирокчилари вазирларнинг 2012 йил 13 ноябрда Бишкекда ўтказилган ўн биринчи кенгашидан буён ўтган вақт мобайнида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари ва ҳукуматлар раҳбарлари кенгашлари мажлисида савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида эришилган келишувларнинг ижросини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Тошкентда 2013 йил 28-29 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг навбатдаги кенгашига ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида автомобилда халқаро ташувлар учун қулай шароит яратиш тўғрисидаги битим, ШҲТ Котибиятининг ШҲТга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурининг ижросига оид ҳисоботини кўриб чиқиш учун тақдим этишга келишиб олинди.

Кенгаш якунлари бўйича ШҲТга аъзо давлатлар делегация раҳбарлари томонидан Протокол имзоланди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига