Yangi hujjatlar

O‘zLiDeP “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси ҳақида хабар бермоқда

Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг мамлакатимиз келажагини яратиш йўлидаги изланишлари, тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини мунтазам чуқурлаштириб ҳамда рағбатлантириб бориш мақсадида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси ўтказиб келинмоқда. Бу ҳақида O‘zLiDeP Матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Диплом билан бизнесга” лойиҳаси бир неча йилдан бўён олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўртасида ўтказиб келинмоқда ва бу лойиҳа тадбиркорлик фаолиятини бошламоқи бўлган ёшларнинг катта қизиқишига сабаб бўлмоқда.

2014 йилда ҳам ушбу лойиҳа доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчи босқич талабалари учун махсус ўқув курслари бошланди, – дейилади партия Матбуот хизмати хабарида.

Жумладан, Жиззах давлат педагогика институти ҳузуридаги 2-академик лицейда “Диплом билан бизнесга-2014” лойиҳасининг Жиззах шаҳар босқичи доирасида ўқув семинар ташкил этилди.

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Семинарда иштирокчиларга тадбиркорлик лойиҳаларини банклар орқали молиялашнинг ҳуқуқий асослари, кредитларни расмийлаштириш жараёнлари ва шарт-шароитлари, кичик бизнес вакиллари учун солиқлар ва солиқ имтиёзлари, тадбиркорлик асослари, суғурталаш жараёнлари, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиблари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

– Бу йилги “Диплом билан бизнесга-2014” лойиҳасида мебель ишлаб чиқариш бўйича тузилган бизнес режам билан қатнашяпман,- дейди Жиззах транспорт, алоқа касб-ҳунар коллежи 3-босқич ўқувчиси Жаҳонгир Ғаниев. – Ўқув семинарида бизнес лойиҳаларимизни муваффақиятли амалга ошириш учун зарур бўлган кўплаб билимларга эга бўлдик. Айниқса, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш, уни молиялаштириш тартиблари ва дастлабки фаолиятни қандай бошлаш мумкинлиги ҳақида берилган билимлар мен учун ўз вақтида олинган кўрсатма бўлди десам муболаға бўлмайди. Чунки, менда ўз бизнесимни бошлашим учун айнан мана шу тавсияларга катта эҳтиёжим бор эди. Умуман, партия лойиҳалари биз ёшларга ўз бизнесимизни йўлга қўйишда қулай имконият яратиб бермоқда.

Семинар давомида битирувчиларнинг тадбиркорлик фаолиятига бўлган қизиқиши, билим даражаси, соҳага тааллуқли бўлган келажакдаги режаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

“Диплом билан бизнесга-2014” лойиҳасининг шаҳар босқичида олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежларининг 42 нафар битирувчиси ўзининг қандолатчилик, кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, сервис ва қишлоқ хўжалиги, асаларичилик соҳасини ривожлантириш борасида ишлаб чиққан бизнес режалари билан иштирок этди.
Айтиш жоизки, 2013 йилда “Диплом билан бизнесга” лойиҳасининг вилоят босқичи доирасида ташкил этилган ўқув семинарида 612 нафар битирувчи иштирок этганди. Шулар орасидан 59 нафари ўз бизнесини муваффақиятли ташкил этиб, уларга 246 миллион 360 минг сўм миқдорида имтиёзли кредитлар берилган. Бу айни пайтда юзга яқин янги иш ўрнини яратиш имкониятини берганди.

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

– Ўтган йили “Диплом билан бизнесга” лойиҳасининг вилоят босқичида иссиқхона фаолиятини ташкил қилиш бўйича ишлаб чиқилган бизнес режам билан қатнашиб, партия кўрсатмалари асосида уни қайта ишлаб чиқдим ва муваффақиятли ҳимоя қилишга эришдим. Натижада банкдан 5 миллион сўм кредит олишга эришдим,- дейди Жиззах шаҳридаги тиббиёт коллежини тамомлаб, мустақил бизнес фаолиятини бошлаган Мадина Ихтиёрова. – Ҳозир иссиқхонамизда лимон, апельсин, мандарин етиштирамиз. O‘zLiDePнинг мазкур лойиҳаси тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйиш учун қулай имконият яратиб берди ва ўз тенгдошларимдан 2 нафарини иш билан таъминладим.

Лойиҳанинг Жиззах шаҳри босқичида қатнашган битирувчилардан 10 нафари вилоят босқичида иштирок этиш учун танлаб олинди.

Матн: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (1)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига