O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминланиши минтақа давлатлари барқарор ривожланишининг энг муҳим шарти масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
O‘zLiDeP аъзолари қайд этганидек, Ўзбекистон мустақилликнинг илк йиллариданоқ инсонпарварлик ва тинчликсеварлик тамойилларига асосланган тинчлик ва бунёдкор ривожланиш йўлини танлади. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барча мамлакат ва халқлар манфаатлари, уларнинг тақдирлари умумийлигини ҳамда минтақавий ва глобал хавфсизликнинг ажралмаслигини чуқур англаб етган ҳолда ўзининг саъй-ҳаракатларини минтақанинг тинч ва барқарор ривожланишини таъминлашга қаратиб келмоқда.
Дунёнинг турли минтақаларида, шу жумладан, Марказий Осиёда қарама-қаршилик ва қуролли низолар кучайиб бораётган, миллий чегараларни билмайдиган терроризм, экстремизм, оммавий қирғин қуролини тарқатиш каби таҳдидлар кескинлашаётган айни вақтда Ислом Каримов раҳбарлигида Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган изчил сиёсатнинг узоқни кўзланганлиги ва оқилоналигини ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда. Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш, минтақани хавфсизлик ва барқарор ривожланиш ҳудудига айлантириш Ўзбекистон Республикаси Ташқи сиёсий фаолияти Концепциясидаги устувор вазифалар қаторида белгиланган.
Бунда БМТ кун тартибида турган бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири бу ер юзидаги ҳаётга реал ва даҳшатли хавф туғдираётган ядро ва бошқа оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик масаласи бўлиб қолмоқда. Эътиборлиси, Ўзбекистоннинг илк бор ташқи сиёсий ташаббусларидан бири ҳам айнан ядро қуролидан холи Марказий Осиё ҳудудини яратиш масаласи эди. У биринчи бор Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан БМТ Бош ассамблеясининг 1993 йил 28 сентябрдаги 48-чи сессиясида эълон қилинган эди. 2000 йилда БМТ Мингйиллик саммитида давлатимиз раҳбари яна бир бор таъкидлаганидек, Ўзбекистон барча давлатлар томонидан ядрони тарқатмаслик ва қуролсизланиш халқаро тартибига қатъий ва сўзсиз риоя этиши тарафдоридир. Бусиз нафақат глобал, балки минтақавий даражада ҳам стратегик барқарорлик ҳақида сўз юритиш мумкин эмас.
Таъкидлаш жоизки, суверен ривожланиши йилларида Ўзбекистон ҳар томонлама ўйланган прагматик ташқи сиёсатни изчил амалга оширгани, БМТнинг асосий тамойилларидан бири – минтақавий ва глобал хавфсизликнинг ажралмаслигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани туфайли жаҳон ҳамжамиятида муносиб обрў-эътиборга сазовор бўлди. Мамлакатимиз Президенти томонидан энг юксак халқаро минбарлардан, шу жумладан, БМТ минбаридан эълон қилинган Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий ташаббуслари халқаро ҳамжамиятнинг ижобий баҳоси ва қўллаб-қувватлашига сазовор бўлди. Булар Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш, наркотрафик, терроризм ва экстремизмга қарши курашда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, Марказий Осиёни ядро қуролидан холи ҳудуд деб эълон қилиш, экологик ҳалокатларни олдини олиш ва бошқа қатор ташаббуслардир.
Бу борада жорий йил май ойида БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида ҳақиқатан ҳам тарихий воқеа юз берди – БМТ ташкил топган вақтдан буён илк бор ядро давлатлари «бешлиги» – АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия вакиллари бир овоз ва бир вақтнинг ўзида ниҳоятда муҳим халқаро ҳужжатни – Ядро қуролидан холи Марказий Осиё ҳудуди тўғрисидаги Битимга хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги баённомасини имзолади. Бу Президентимиз ташаббусининг халқаро эътирофи ва рўёбидир, ядрони тарқатмаслик ва қуролсизланиш глобал режимини кучайтиришдир.
Иштирокчилар қайд этганидек, бу глобал хавфсизлик – ядро қуролидан умумий келишилган ҳолда воз кечиш сари жуда муҳим қадамдир. Эндиликда Баённома имзоланганидан сўнг «Минтақавий хавфсизликдан – глобал хавфсизликка» тамойили амалий характерга эга бўлади. Бу ҳақиқатан ҳам бутун жаҳон учун тарихий воқеадир, чунки яна бир минтақа тўлиқ хажмда ядро қуролидан холи ҳудуд бўлди. Буларнинг барчаси халқаро-ҳуқуқий легимитацияси 6 майда тугаган Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудудни яратиш тўғрисидаги ташаббусининг аҳамиятини янада кучайтиради.
Иштирокчилар МОЯҚҲҲнинг (Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд) асосий ўзига хослиги унинг кенг қамровли ва мажмуавий тусга эга эканлигини таъкидлади. У халқаро хавфсизликнинг асосий жиҳатлари – ядро қуроли ва уни яратиш компонентларини тарқатмаслик, ДНЯО тартибини мустаҳкамлаш, ядровий қуролсизланиш ва демилитаризация, ҳудудларни экологик жиҳатдан қайта тиклашдаги ҳамкорлик, терроризмга қарши кураш, минтақавий ва халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашни қамраб олади.
Таъкидлаш зарурки, МОЯҚҲҲ тўғрисидаги Шартнома Марказий Осиёнинг барча бешта давлатини қамраб олувчи хавфсизлик соҳасидаги дастлабки кўп томонлама битим бўлди. Ядросиз ҳудудни яратиш жараёнида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон қатъий сиёсий ирода, ишчанлик, барча саъй-ҳаракатларни минтақада хавфсизлик ва барқарорлик йўлида бирлаштириш, ўз халқлари ривожланиши ва фаровонлиги учун зарур шароитлар яратиш қобилиятини намоён этди.
Тадбир давомида иштирокчилар таъкидлаганидек, халқимиз менталитети негизида меҳнатсеварлик, ўз ери, уйига нисбатан меҳри, юзага келаётган ҳар қандай низоларни тинчлик йўли билан ҳал этишга интилиш, шу боис одамлар бир бирлари билан учрашганда, “хонадонингизга тинчлик хотиржамликни берсин” деб айтилади. Бунда чуқур фалсафа ва халқ донишмандлиги мужассам: тинчлик бўлса, қолганини ўз қўлимиз билан яратишимиз мумкин. Ўзбекистоннинг чуқур ўйланган ташқи сиёсати асосида давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак” деб айтилган фикри бугунги кунда барча жаҳон аҳлига тушунарлидир.
Айнан шу боис бутун дунёда Ўзбекистон Президенти И.А.Каримовнинг Марказий Осиёда ядровий қуролдан холи ҳудудни яратиш тўғрисидаги ташаббуси юксак баҳо ва эътирофга сазовор бўлди ва бу минтақа мамлакатлари ва йирик давлатлар тинчлиги, минтақавий барқарорлиги ва самарали ҳамкорлигини қўллаб-қуввватлашга қаратилган кучли омил, жаҳон ҳамжамияти изчил ривожланишига жамоавий ҳиссаси сифатида ва албатта халқаро хавфсизлик ва ядровий қуролсизлантиришни мустаҳкамлашнинг энг муҳим элементи сифатида намоён бўлди.
Матн: O‘zLiDeP матбуот хизмати