O‘zLiDeP Андижон вилоят кенгаши ва вилоят фермерлар кенгаши ҳамкорлигида Асака туманидаги “Фозилжон орзуси” кўп тармоқли фермер хўжалиги дала шийпонида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Фарғона вилоятига ташрифи давомида фермерлар билан учрашувидаги нутқидан келиб чиқадиган вазифалар ҳамда фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, уларни кўп тармоқлига айлантиришнинг реал имкониятлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия кўмитаси масъул ходимлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, Асака туман ҳокимлиги, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси ходимлари, банк мутахассислари, тумандаги 32 нафар фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок этди.
– Қишлоқ хўжалигида яхши натижага эришиш учун, энг аввало, ер билан тиллашиб ишлаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш лозим, – дейди O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари – аппарат раҳбари Алишер Мамажонов. – Асакалик фермерларимиз ана шундай тартибга амал қилиб, ҳосилдорликни мунтазам оширишга муваффақ бўлмоқда. Бугун фермерлар зиммасида қишлоққа саноатни олиб кириш, ҳудуд аҳолиси, айниқса, қишлоқ ёшларини иш билан таъминлаш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини йўлга қўйиш каби вазифалар турибди. Тадбирда партия фаоллари асосий эътиборни ана шу мақсадларга қаратдилар.
Асака туманида фермер хўжаликларини кўп тармоқлига айлантириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2014 йилга мўлжалланган озиқ-овқат, қурилиш дастурларига киритилган 66 та кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан 87 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларга жами 10347.8 млн. сўм маблағ ажратилган бўлиб, шундан 1731,5 млн. сўмлик чет эл инвестицияси ўзлаштирилмоқда. Шу кунда тумандаги 7 та фермер хўжалиги томонидан транспорт хизмати, савдо дўкони, умумий овқатланиш ва бошқа маиший хизмат турлари фаолияти йўлга қўйилди.
– Бу йилги ғалладан мўл ҳосил етиштиришда вилоят фермерлари катта жонбозлик кўрсатиб, ғалла шартномасини ортиғи билан бажардилар, – дейди O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши депутати, “Абдулла полвон” фермер хўжалиги раҳбари Муқаддасхон Абдуллаева. – Бугун фермерлик ҳаракати нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда етакчи куч, балки жамиятда, қишлоқда ижтимоий масалаларни ҳам ҳал қилувчи муҳим ижтимоий-сиёсий кучга айланди.
Давра суҳбати давомида O‘zLiDeP фаоллари томонидан туманда фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, уларни кўп тармоқлига айлантиришга асосий эътиборни қаратиш лозимлиги таъкидланиб, фермерлар фаолиятида учраётган муаммо ва камчиликларни ўз вақтида аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш, мутасадди идора ва ташкилотларнинг фермерлар билан ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
Тадбир якунида тумандаги 7 нафар кўп тармоқли фермер хўжалигида бошланғич партия ташкилотлари ташкил этилиб, партия сафига янги аъзолар қабул қилинди.
Матн: O‘zLiDeP Матбуот хизмати