Yangi hujjatlar

Ўзбекистон Либерал-Демократик партиясига 89 минг нафар ёшлар аъзо эканлиги маълум қилинди

2014 йил 24 апрель куни Ангрен шаҳар Ёшлар марказида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Ёшлар қаноти” ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан “Маҳалла халқ виждони – тадбиркорлик юрт ривожи” шиори остида “Ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ва қулай муҳит яратишдаги ҳамкорлик масалалари” мавзусида бизнес форум ўтказилди. Бу ҳақида, O‘zLiDeP матбуот хизмати хабар бермоқда.

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Унда маҳаллада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ёш тадбиркорларнинг интеллектуал салоҳиятидан унумли фойдаланиш, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, хўжалик бошқаруви соҳасидаги билим ва тажрибаларини мунтазам ошириб бориш, оилавий бизнес фаолиятини бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

O‘zLiDeP дастурида ёшларга оид партия позицияси аниқ ва қатъий белгилаб қўйилган. Ёшларни ижтимоий сиёсий-фаоллигини ошириш, айниқса, тадбиркорлик фаолиятига қизиқишини кучайтириш, бизнесини бошлаш учун иқтисодий ва ҳуқуқий шароит яратишга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. O‘zLiDeP фаоллари ташаббускор куч сифатида ёшлар қизиқишлари, иқтидорлари, манфаатларини ўрганиб аниқ йўналтирилган лойиҳалар асосида партиявий вазифаларни амалга оширмоқда.

Қилинаётган амалий ишлар йигит-қизларда бунёдкорлик, яратувчанлик кайфиятини уйғота олганлиги сабабли партия сафи тобора кенгайиб, хайрихоҳлар сони ортиб боряпти. Айна пайтда партияга аъзо бўлган ёшларнинг умумий сони 89044 нафарни ташкил этади. Уларнинг 1961 нафари бошланғич партия ташкилотлари раисларидир.

Партиянинг “Ёшлар қаноти” томонидан амалга оширилаётган “Агар мен депутат бўлсам”, “Ёш олимлар ва катта илмий ходим-изланувчилар”, “Ишбилармон талаба”, “Парламентда менинг ўрним” ҳамда “Диплом билан бизнесга” каби лойиҳалари хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда Давлат Дастуридан келиб чиқадиган партиявий вазифалар ижросини таъминлаш, олий ва ўрта махсус таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, ёшлар томонидан яратилаётган инновацион лойиҳаларни хусусий сектор фаолиятига кенг жалб қилиш мақсадида 2010 йилдан буён Ўзбекистон Республика Марказий банки билан ҳамкорликда “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси ўтказиб келинмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида ўтган давр мобайнида 2800 нафардан ортиқ битирувчи талабалар ўз бизнесини йўлга қўйиб, қарийб 13 млрд. сўмлик кредит олинди ва 6000 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Шунингдек, 2012 йилда “Ишбилармон талаба” стипендия кўрик-танловида қатнашган 28 нафар иқтидорли ўқувчига O‘zLiDeP стипендиялари топширилган бўлса, 2013 йилда ана шундай стипендиялар 38 та ғолиб талабага берилди. Ҳозирда O‘zLiDeP стипендиатларининг умумий сони 248 нафарга етган.

Бизнес форумда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2014 йил 7 апрелда қабул қилинган Фармонида назарда тутилган қўшимча дастурий чора-тадбирларни амалда бажариш, шу жумладан, янги имтиёзлар ва преференцияларнинг кенг доираси, ҳар хил лицензия ва рухсат берувчи тартиб-таомилларнинг муддатларини тубдан қисқартириш, соддалаштириш ва арзонлаштириш, бизнесни юритиш, иқтисодиётга маҳаллий ва хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш учун шарт шароитларни яхшилаш борасида навбатдаги муҳим босқич бўлиши айтиб ўтилди.

2013 йил юртимизда 26 мингдан зиёд кичик бизнес субъекти иш бошлади, ушбу секторда фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг умумий сони йил охирига келиб 190 мингтага етди. Айни пайтда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг 23 фоизи, кўрсатилаётган бозор хизматларининг деярли барчаси, маҳсулот экспортининг 18 фоизи, иқтисодиёт тармоқларида иш билан банд бўлган аҳолининг 75 фоизи кичик бизнес улушига тўғри келмоқда.

Қисқа муддатда Ангрен махсус индустриал зонаси ҳудудида умумий қиймати қарийб 44 миллион АҚШ долларидан иборат энергияни тежайдиган диодли ёруғлик лампалари, турли катталикдаги мис қувурлари, кўмир брикетлари каби юксак технологиялар асосида маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шунингдек, шакар ишлаб чиқарувчи янги завод ва бошқа янги корхоналар ташкил этилди.

Мазкур ҳудудда партия томонидан аҳолини, шу жумладан хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш, ҳунармандчиликнинг турли йўналишларига жалб этиш, маҳаллаларда оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор амалий ишлар йўлга қўйилиб, аҳоли ўртасида 150 дан ортиқ тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.

2014 йилда шаҳарда янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, мавжуд корхоналарни кенгайтириш ҳисобидан 5000 дан зиёд янги иш ўринлари ташкил этиш кўзда тутилган.

Тадбирда маҳаллаларни хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнес марказига айлантириш, ёшларни тадбиркорлик ва кичик бизнесга кенг жалб қилиш, уларга бериладиган имтиёзли кредитлар миқдорини янада кўпайтириш, коллеж битирувчиларини ўз соҳалари бўйича иш билан бандилигини таъминлаш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Мазкур бизнес форум республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилиши реажалаштирилган.

Матн: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (2)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига