Yangi hujjatlar

O‘zLiDeP`нинг ҳудудий кегашларида «Хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинмоқда

Куни кеча O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ва Фарғона вилоят кенгаши билан ҳамкорликда “Тадбиркорлар мулоқот форуми” лойиҳаси доирасида “Ўзбекистонда хусусийлаштиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари: бугунги ҳолат, муаммо ва ечимлар” мавзуида амалий мулоқот ташкил этилди.

uzlidep_ferghana

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, маҳаллий кенгаш депутатлари, вилоят Хўжалик суди, Адлия бошқармаси, Савдо-саноат палатаси ходимлари, соҳанинг етук мутахассис-экспертлари, партия фаоллари, тадбиркор ва фермерлар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳаси Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган. Лойиҳанинг асосий мақсади – нодавлат секторнинг иқтисодиётдаги улушини янада кенгайтириш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига хусусий инвесторларни жалб қилишни рағбатлантириш, сармоядорларнинг хусусийлаштириш жараёнидаги тенг иштирокини таъминлаш, хусусийлаштирилган битимлар очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш ҳамда мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишдан иборатдир.

– 1991 йилда қабул қилинган «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун иқтисодий ислоҳотлар жараёнида хусусийлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини яратди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Қобилжон Тошматов. – Концепцияда бу масалага алоҳида эътибор қаратилгани шундан иборатки, ҳозирги кунда мамлакатимизда хусусийлаштиришга оид амалиётга тадбиқ этилган меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар 80 дан зиёд бўлсада, улар бугун талабига жавоб бера олмаяпти. Аниқроғи бу меъёрий ҳужжаларда хусусийлаштиришнинг замонавий механизмлари тўлиқ ўз ифодасини топмаган. Шунинг учун ҳам соҳадаги мавжуд ҳолат амалдаги қонун меъёрларини давр талаблари асосида қайта ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.

uzlidep_ferghana_2

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Бундан ташқари, амалдаги қонуннинг принципиал меъёрларидан айримлари, масалан, меҳнат жамоалари томонидан давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг шаклларини мустақил белгилаш, хусусийлаштирилаётган корхоналар мулки (акциялари)ни харид қилишда корхоналар меҳнат жамоаларига устуворлик ва кенг имтиёзлар берилиши каби жиҳатлар мамлакат иқтисодиётини ислоҳ қилишнинг бугунги стратегиясига мос келмайди ва давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида ўзининг самарасизлигини намоён этди. Бу каби амалий мулоқотларни ташкил этилиши қонун лойиҳасини такомиллаштириш йўлида кўплаб таклиф ва мулоҳазаларга эга бўлиш учун муҳим муҳокамлар майдони вазифасини бажаради.

Тадбирда қайд этилганидек, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида фақат 2013 йилда хусусий секторга 179 та давлат активлари киритилган, шу жумладан, 83 таси умумий қиймати 114,95 миллиард сўмга тенг нол сотиб олиш қийматида, улардан 70,8 миллиард сўми ишлаб чиқаришни модернизациялаш, қўшимча иш ўринларини яратиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар хажмини оширишни назарда тутувчи инвестицион мажбуриятлардир. 2014 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, давлат активларини олди-сотисига оид 175 шартнома бўйича инвестицион мажбуриятлар (204,9 миллион АҚШ доллар ва 173,9 миллиард сўм инвестицион мажбуриятлар, шу жумладан, чет эл инвесторлари билан 8 та шартномалар бўйича) бажарилиши устидан назорат олиб борилмоқда.

Анжуманда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари учун қонун лойиҳасида давлат мулкининг алоҳида турдаги паст ликвидли давлат мулки объектларини танлов асосида ноль қиймати бўйича харидорлар томонидан инвестицион мажбуриятлар бажарилиши шарти билан хусусийлаштиришнинг ўзига хос жиҳатлари белгиланганлиги ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.

– Илк бор жамоатчилик ва давлат манфаатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ижтимоий ва инвестицион мажбуриятларни қабул қилишнинг шартлари ва тартиби, хусусийлаштириш жараёнида ташкил этилган корхона ва ташкилотлар ходимларига ижтимоий кафолатлар бериш масалалари қонунчилик асосида мустаҳкамланмоқда, – дейди Марғилон шаҳридаги “Адолат” корхонаси раҳбари, O‘zLiDeP фаоли Рўзибой Нурматов. – Бу биз тадбиркорлар, инвесторларни хусусийлаштириш жараёнида янада фаол иштирок этишга ундаши билан бирга, соҳадаги ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш имконини беради. Бундай ташаббус чет эл сармоялари ва технологияларни янада кенг жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини оширишни таъминлайди албатта.

Тадбиркорлар ва экспертлар фикрига кўра, «Хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларини ҳуқуқий тартибга солишни сезиларли равишда яхшилайди, бўшлиқларни тўлдиради, хусусийлаштириш шартлари ва усулларини танлашда субъектив ёндашувлардан қочиш имконини беради, хусусийлаштириш жараёнидаги очиқлик ва ошкораликни таъминлайди.

Матн: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига