Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Навоий вилоят Кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақида O‘zLiDeP матбуот хизмати хабар бермоқда.
Партия вилоят Кенгаши ўз олдига қўйган муҳим вазифаларни бажариш борасида жами 8 та мақсадли ва тизимли партиявий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Таъкидлаш жоизки, ўтган йили ташкил этилган “Мулкдор оила-2013”, “Диплом билан бизнесга-2013”, “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” каби партиявий лойиҳаларда қатнашиб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган 253 дан ортиқ иштирокчига 1 млрд. 195 млн. сўмлик имтиёзли кредитлар олишга кўмаклашилди. Шунингдек, 135 нафар электорат вакиллари томонидан билдирилган таклиф ва долзарб масалалар ўрганиб чиқилиб, умумлаштирилган ҳолда 51 та амалий таклиф ва ташаббуслар ишлаб чиқилди ва партиянинг депутатлик гуруҳларига, тегишли идораларга тақдим этилди.
Ҳисобот даврида Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг фаолиятидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарларига 75 та депутатлик сўрови юборилган ва 15 нафар мансабдор шахсларнинг ҳисоботи эшитилиб, 46 та назорат-таҳлил фаолияти амалга оширилган. Хусусан, ижро хокимияти идоралари раҳбарларининг ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларига бағишланган 24 та эшитувларнинг 16 таси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш масалаларга бағишланган. Партия Сайловолди Платформаси талабларидан ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари Кенгашларининг доимий комиссияларига 13 та таклиф киритилди.
Тадбир сўнгида депутатлар, бошланғич партия ташкилотлари ва бошқа партиявий тузилмаларнинг партия Устави ва дастурий вазифаларини ҳал этиш, қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича ташаббускорлигини ошириш ҳақида қарор қабул қилинди. Таклифларни сессиялар ва вакиллик ҳокимият органлари доимий комиссиялари мажлисларида илгари суриш, депутатлик бирлашмалари назорат-таҳлилий фаолияти самарадорлигини ошириш ва мақсадга йўналтирилганлигини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Матн: O‘zLiDeP Матбуот хизмати