O`zLiDeP мамлакатимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб борилаётган тизимли ислоҳотларда ўзининг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, масъулиятни ўз зиммасига олган ҳолда фаол иштирок этиб келмоқда. Бу жараёнларда электорат ва сайловчилар билан яқиндан ҳамкорлик ўрната оладиган, улар билан бевосита фаолият олиб борадиган партия бошланғич ташкилотларига асосий эътибор қаратилаётгани бежиз эмас албатта. Тажрибадан шу нарса маълумки, партия ғоя ва мақсадларини изчил тарғиб этишда ҳеч бир бўғин БПТдек таъсир кучига эга эмас. Бинобарин, таянч тузилмалар ишини янада кучайтириш, ҳар бир аъзо ва етакчининг масъулиятини ошириш масаласи, айниқса, ушбу – сайловлар йилида ниҳоятда долзарб аҳамият касб этади.
Яқинда республикамиздаги барча бошланғич партия ташкилотларида бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов йиғилишларида мазкур масалаларга қайта-қайта тўхталиб, O’zLiDeP фаолиятини янада ривожлантиришга туртки бера оладиган фаолларни БПТга жалб этиш, қуйи бўғинларни янги-янги ташаббуслар ва ижтимоий-сиёсий фаолият ўзагига айлантириш, ҳудудларда ечимини кутаётган муаммоли масалаларни ўрганиш, улар ечимига оид амалий таклифларни ишлаб чиқишга эътиборни қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Жойларда ўтказилган ҳисобот-сайловларда 7724 та қуйи бўғинларнинг фаолияти атрофлича таҳлил этилди ҳамда истиқболдаги асосий вазифалар белгилаб олинди. Мазкур масъулиятли жараёнда 142 мингдан зиёд партия фаоли, 724 нафар депутат, шунингдек, нодавлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Жиззах вилоятларидаги бошланғич партия ташкилотларида ўтказилган тадбирларда энг юқори кўрсаткичларга эришилди. Шу билан бирга айрим вилоятларда бу борада камчиликларга йўл қўйилган.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, ваколатларидан унумли фойдаланган, партиявий бурчига сидқидилдан ёндашиб, жойларда партия мавқеини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган 6658 та қуйи бўғин раиси қайта сайланди.
Қуйи тузилмалар томонидан жойлардаги электорат вакиллари олдидаги муаммоларни аниқлаб уларни мунтазам мониторингини олиб бориш, ҳамда депутатлик гуруҳлари билан уларни ечимини топиш бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қуйилгани ўзининг самарали натижасини бермоқда. Ушбу мақсада йўлида Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатларидан 2190 нафарининг қуйи ташкилотларга бириктирилганини таъкидлаб ўтиш лозим. Ўтган 2013 йилда партия депутатлик гуруҳлари томонидан тегишли ташкилот ва идораларга йўлланган 2872 та депутатлик сўровининг 1603 таси, 681 нафар мансабдор шахс ҳисоботининг 158 таси ҳамда 315 маротаба ўтказилган назорат-таҳлил текширувининг 136 таси айнан БПТлари томонидан ўрганилган масалаларга оиддир. Ушбу кўрсаткичлар 2012 йилга нисбатан қарийб 47 фоизга кўпдир. Бу айни пайтда аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларини ўрганиш, таҳлил қилиш, умумлаштириш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида қуйи бўғинларнинг фаоллашганидан далолат беради.
Амалга оширилаётган туб ислоҳотлар муваффақияти аҳолининг ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиши билан узвий боғлиқлигини назарда тутсак, ташаббускор қуйи бўғинлар томонидан жойларда оммавий-сиёсий тадбирлар уюштирилишининг нечоғли муҳим эканига тўлиқ ишонч ҳосил қиламиз. Хусусан, 2013 йилда ўтказилган тадбирларда қатнашчилар томонидан электорат манфаатларига оид 500 га яқин асосли таклифлар берилиб, тегишли ташкилотларга тақдим этилди.
Шу ўринда янги етакчиларнинг 964 нафари ҳамда ҳисобот-сайловлар мобайнида партия сафига қабул қилинган 17 минг ҳамюртимизнинг 58,7 фоизи навқирон ёш авлод вакиллари эканлигини алоҳида қайд этиш зарур. Буни партия томонидан ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, истиқболдаги режаларини руёбга чиқаришлари учун яратиб берилаётган имкониятларнинг яққол самараси деб айтиш мумкин. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, партия фаолиятини жонлантириш ва янада ривожлантириш юзасидан билдирилаётган асосли таклифларнинг аксарият қисми ёш етакчи ва аъзолар ҳисобига тўғри келмоқда.
O`zLiDeP аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида турли йўналишдаги лойиҳалар ва тадбирларни изчиллик билан амалга ошириб келмоқда. Ҳозирда бошланғич партия ташкилотларининг янги сайланган етакчиларидан 37,2 фоизини, яқинда партия сафига кирганларнинг 39,5 фоизини аёллар ташкил этмоқдаки, бу рақамлар олиб борилаётган ҳаракатларнинг самарадорлигини, хотин-қизлар ўртасида партия фаолиятига қизиқиш тобора ортиб бораётганлигидан далолат беради.
Айни вақтда муҳим тадбирларда фаол қатнашиб, БПТлар орасида ўзаро тажриба алмашиш, эришилган ютуқларни оммалаштириш, ташкилотчилиги, ташаббускорлиги ва бошқа фазилатлари билан маслакдошлари ҳурматини қозонган фаолларнинг 1213 нафари O`zLiDeP раҳбар кадрлар захирасига олинди.
O`zLiDeP жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган умумхалқ сайловларига пухта тайёргарлик кўриш ва муваффақиятли ўтказишда бошланғич партия ташкилотлари салоҳиятидан тўла-тўкис фойдаланиш, яқинлашаётган сиёсий жараёнларда уларнинг масъулиятини янада ошириш лозимлигига асосий эътиборини қаратмоқда.
Матн: O`zLiDeP Матбуот хизмати