Yangi hujjatlar

O‘zLiDeP фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий асосларига бағишланган илмий-амалий семинар ўтказди

2014 йил 14 апрель куни Темурийлар тарихи Далат музейи мажлислар зали ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси, партиянинг парламент Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан мамлакатда фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантиришни муҳокама этишга бағишланган илмий-амалий семинар ташкил этилди. Бу ҳақида, O‘zLiDeP матбуот хизмати хабар бермоқда.

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Тадбир иштирокчилари қайд этганидек, Ўзбекистонда ислоҳотларнинг “ўзбек модели” ва мамлакатимизни ривожлантиришнинг– “Кучли давлатдан – кучли жамият сари” бош тамойили асосида фуқаролик жамияти институтлари – нодавлат нотижорат ташкилотлари, эркин ва мустақил ОАВ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партияларни ривожлантириш борасида кенг миқёсли дастурлар амалга оширилмоқда.

Фуқаролик институтлари жамиятда манфаатлар мувозанати, демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш, фуқароларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг ижтимоий, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришнинг муҳим омилидир. Ўтган йиллар жадал шаклланиш ва ривожланиш даври бўлди. Жумладан, бугунги кунда мамлакатда фаолият юритаётган ННТлар сони 2000 йилга нисбатан қарийб 3,3 баробарга ошди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш йиғинлари ва органлари сони 10 мингдан зиёдни ташкил этмоқда.

Бунга салмоқли равишда мамлакатда фуқаролик институтлари эркин фаолиятини таъминлаш учун ривожланган ҳуқуқий база шаклланганлиги кўмак берди. Жумладан, мустақилликнинг илк йиллариданоқ нодавлат жамоат ташкилотлари тамойилларини белгилаган мамлакатимиз Конституциясининг меъёрлари асосида мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик институтлари роли ва аҳамиятини кучайтириш ва фуқароларнинг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган 250 дан зиёд қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.

Фақат сўнгги икки йил давомида ўзаро боғлиқ сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини демократлаштириш ва либераллаштиришнинг узоқ муддатли Дастурига айланган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси асосида ушбу соҳадаги қарийб 10 та энг муҳим қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари – мамлакатимизда шаклланаётган фуқаролик жамияти пойдеворининг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, уларнинг жойларда ижтимоий дастурларни амалга оширишдаги ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиришда янги таҳрирда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида” қонунлар алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунлар сиёсий партиялар, ННТ ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жойлардаги вакиллик ҳокимияти органларининг демократик ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар бориши, табиатни муҳофаза қилишга доир қонунчиликка риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги роли ва аҳамиятини салмоқли равишда оширди.

Мамлакатимиз парламенти томонидан яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддалари)” қонун миллий давлатчиликни янада мустаҳкамлаш ва сиёсий тузилмани такомиллаштириш, мамлакатда фуқаролик жамиятини шакллантириш, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини таъминлашда катта аҳамиятга эга.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракция аъзоси Адҳам Шадманов: «Ушбу қонун мамлакатда қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти бўғинлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимини янада ривожлантириш, парламент ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, ижро этувчи органлар масъулияти, жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқмоқда. Қонун, шунингдек, фуқароларнинг давлат ва жамият ишлари бошқарувида иштирок этиш ҳуқуқини амалга ошириш, Конституцияда белгиланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда бошқа умумэътироф этилган қадриятлар ва демократия меъёрларини ҳимоя қилишга асосланган миллий давлатчилик ва сиёсий тузилмани янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Уни ишлаб чиқишда ижтимоий шериклик принципини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи камчиликларни аниқлаш мақсадида миллий қонунчилик ўрганилди, ижтимоий шериклик, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва меъёрлари соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлили ўтказилди ҳамда хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилди. Бунда ўрганишлар шуни кўрсатдики, давлат органларининг фуқаролик институтлари билан ижтимоий шериклик асосидаги ўзаро ҳамкорлигига оид муайян масалалар мамлакатимизнинг 40 дан зиёд қонунчилик ҳужжатларида белгиланган. Ушбу қонун лойиҳаси бугун парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилди ва маъқулланди ҳамда иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун масъул қўмитада тайёрланмоқда».

Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ходими Алишер Маҳкамов: «Таъкидлаш лозимки, қонун лойиҳасида ижтимоий шерикликнинг асосий соҳаларидан бири сифатида аҳоли бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликни ривожлантириш кўрсатилган. Ушбу тармоқда барча рўйхатга олинган ННТларнинг 20 фоиздан зиёди фаолият юритади.
Фақат 2013 йилнинг ўзида Марказимиз жойлардаги давлат органлари, ЎзЛиДеП билан ҳамкорликда “Мулкдор оила” лойиҳаси доирасида қишлоқ оилаларини кичик, оилавий бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб қилиш, касаначиликни ривожлантириш, ҳуқуқий ва иқтисодий билимларни оширишга қаратилган туркум давра суҳбатларини ўтказди. Лойиҳанинг туман босқичларида 2600 дан зиёд, вилоят босқичларида эса – 700 дан ортиқ киши иштирок этди. Лойиҳа иштирокчиларининг умумий қиймати 14 млрд.сўмдан зиёд бизнес-режалари молиялаштириш учун мақсадга мувофиқ деб топилди. Бугунги кунда лойиҳанинг 420 нафар иштирокчисининг 8 млрд.сўмдан ортиқ бизнес-режаси молиялаштирилди, 154 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди, 318 та янги ва 809 қўшимча иш ўринлари яратилди.
Шунингдек, Қишлоқ ва сув хўжалиги тизимидаги қишлоқ хўжалиги корхоналарини қайта ташкил этиш Агентлиги, марказнинг қатор ҳамкорлари билан биргаликда қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш, аёлларни, авваламбор, қишлоқ жойлари ва чекка ҳудудларда яшовчиларни тадбиркорлик ва фермерликка жалб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилди. 14 000 зиёд фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари қишлоқ хўджалигида электрон бухгалтерия ҳисоби ва АКТни қўллаш ҳамда халқаро сифат стандартларига мос экологик тоза маҳсулотларни ишлаб чиқариш, узумчилик, ғаллачилик, мелиорация, чорвачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлди.
Бундан ташқари, ижтимоий шериклик доирасида Марказ томонидан “Тадбиркорлар ва фермерлар мулоқот форуми” лойиҳаси амалга оширилмоқда, унинг доирасида 2013 йил давомида 100 дан зиёд тадбирлар бўлиб ўтди, уларда республиканинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари ҳамда 7000 дан ортиқ тадбиркорлар ва фермерлар қатнашди. Рухсат берувчи тартиб-таомилларни соддалаштириш, қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш, лизинг ва суғурта, маҳсулотлар ва хизматларни лицензиялаш, сертификатлаш ва стандартлаш механизмларини такомиллаштириш, аграр соҳаси тармоқларини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Тавсия шаклида 500 дан ортиқ таклифлар мамлакат парламенти ва тегишли вазирлик, идораларга меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашда фойдаланиш учун юборилди.
Умуман олганда, фикримизча, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши мамлакатда ННТлар ролини кучайтириш бўйича олиб борилаётган қамровли ишлар самарадорлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари ва катта ижтимоий аҳамиятга эга қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнида кенг аҳоли қатламлари манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олишга хизмат қилади.

Иштирокчилар шунингдек парламент ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг жойларда ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни ҳал этишда ижтимоий шерикликни рағбатлантириш борасидаги фаолияти билан танишдилар. Жумладан, 2013 йилда 300 дан зиёд ННТлар мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш муаммоларини ҳал этишга қаратилган давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этди, бу 2011 йилдагига нисбатан икки баробар кўпдир. Жамоат фонди томонидан муҳим ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни ишлаб чиқиш борасида ўтказилаётган танловлар натижалари бўйича ННТлар сони ушбу даврда 2 баробарга ошди. Бунда грант танловлари ғолиби бўлган ҳудудий ННТлар сони 2,2 баробарга ўсди.

Экспертларнинг фикрига кўра, ушбу амалиёт ривожланган демократик давлатлар тажрибасига тўлиқ мосдир. Жумладан, Франция ва Германияда жойларда ижтимоий шериклик лойиҳаларини режалаштириш, мувофиқлаштириш, амалга ошириш ва молиялаштириш учун масъулиятнинг катта қисми ҳудудий, округ ва муниципал таълим (ўзини ўзи бошқариш органлари) зиммасига юклатилган. Япония ва Корея Республикасида жойлардаги давлат ҳокимият органлари ННТлар орасида ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал этишга қаратилган турли дастур ва грантларни эълон қилишни кўзда тутувчи танловларни ўтказиш ҳуқуқига эга.

Эшмуҳаммад Қодиров – ЎзЛиДеП эксперти, ҳуқуқшунос: «Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг ушбу қонунчилик амалиёти нафақат “ижтимоий шериклик” институти фаолиятини қонунчилик асосда тартибга солишга доир жаҳон тажрибасига мувофиқ, балки уни кўп жиҳатдан ҳам ривожлантиради. Жумладан, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Франция, АҚШ ва қатор бошқа ривожланган мамлакатларда давлат органларининг ОАВ билан ўзаро ҳамкорлиги алоҳида базавий қонунларда тартибга солинмаган.
Бунда кўплаб мамлакатларда мазкур институт ижтимоий-меҳнат соҳасида иқтисодий манфаатлар келишуви ва ижтимоий-меҳнат низоларни тартибга солиш бўйича давлатнинг воситачилик роли билан ишга ёлланувчи ва иш берувчи ўртасида юзага келадиган ўзаро муносабатлар тизими сифатида шаклланган.
Шу билан бирга, XX аср охири – XXI аср бошида глобаллашув жараёнлари чуқурлашиши, жаҳон молиявий-иқтисодий инқироз ривожланиши, маънавий-аҳлоқий инқироз кучайиши шароитида Европанинг қатор мамлакатлари ноҳукумат сектори билан ҳамкорликка оид ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширди.
Жумладан, давлат ва ноҳукумат секторининг ижтимоий, ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ривожланишга оид долзарб масалаларни ҳал этишдаги саъй-ҳаракатлари ва ресурсларини бирлаштиришга доир давлат сиёсатини белгиловчи ҳужжатлар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳужжатларда, унинг мазмунидан келиб чиқишича, иккита асосий мақсад мавжуд. Биринчидан, улар фуқароларнинг сиёсий ҳаётдаги иштирокини фаоллаштириш, иккинчидан, давлатни аҳолига айрим хизматларни кўрсатиш юкидан қисман озод қила оладиган ҳамкорликнинг механизмларини яратишга қаратилган.
“Ҳукумат ва фуқаролик сектори” ўртасидаги шериклик тўғрисидаги деярли барча битимлар, баёнотлар, хартиялар ва стратегиялар ижтимоий шерикликнинг субъектлари, принциплари, йўналишларини белгиловчи бўлимлардан, шунингдек, ҳамкорликнинг аниқ инструментлари, шу жумладан, молиялаштириш, давлат ва фуқаролик сектори масъулияти масалаларидан иборат.
Уларнинг камчилиги шундан иборатки, улар аниқ ҳукумат фаолияти даврида амал қилади. Шу билан бирга, фуқаролик институтлари ва давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳукумат ҳоҳиш-иродаси ва юзага келаётган сиёсий конъюнктурага боғлиқ бўлмайдиган барқарор тус олиши мақсадида қайд этилган мамлакатлар жамоатчилиги шериклик масалаларини қонунчилик асосида тартибга солиш талаби билан чиқмоқда. Тузилаётган битимлар давлатнинг фуқаролик сектори олдидаги кенг қамровли мажбурият сифатида кўриб чиқилмаяпти.

Шу муносабат билан хорижий экспертлар Ўзбекистоннинг ижтимоий шерикликни ривожлантириш, давлат ва учинчи сектор ўртасидаги ўзаро муносабатларни қонунчилик асосида тартибга солиш соҳасидаги тажрибасини қизиқиш билан ўрганмоқда».
Экспертлар таъкидлаганидек, ННТлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишнинг муҳимлиги қатор халқаро ҳужжатларга кўзда тутилмоқда, улар ННТларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги ролига алоҳида аҳамият қаратади, мулоқот ва маслаҳатлашув орқали ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишни ҳамда муайян давлат кўмаги шаклларини тақдим этиш механизмларини жорий этишни назарда тутади. Жумладан, бу каби ҳужжатлар қаторига 1968 йилдаги БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши Резолюцияси (1297), «Европада давлат бошқаруви масалалари бўйича оқ китоб» (25 июль, 2001 йил), «Европада ноҳукумат ташкилотлари мавқеининг асосий принциплари» (16 апрель, 2003 йил).

Умуман олганда, иштирокчилар қайд этганидек, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”гиқ қонун мамлакатда жадал ривожланаётган фуқаролик жамияти манфаатлари йўлида ишлаб чиқилган ва қабул қилинмоқда, муҳим қарорлар қабул қилинишида фуқаролик институтлари иштироки, уларнинш ижтимоий аҳамиятга эга ишларга кенг жалб қилинишининг қўшимча қонунчилик кафолатларини яратади. Муҳими, қонун лойиҳаси деярли илова этиладиган меъёрлардан иборат эмас, бевосита таъсирга оид меъёрий ҳужжат ҳисобланади, фуқаролик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган аниқ механизмларни яратади. Унинг қабул қилиниши Ўзбекистон келажагининг асоси – демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлади.

Матн: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига