O‘zLiDeP Сирдарё вилоят кенгашида партия депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ташқи бозорда харидорбоп, юқори ликвидли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга доир фаолиятини рағбатлантириш, уларга ўз маҳсулотлари тақдимотини ўтказиш, экспорт шартномалар тузиши учун нуфузли халқаро ярмаркаларга жалб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи А. Тошматовнинг ахбороти тингланди.
– Вилоятимизда 844 та саноат корхоналари мавжуд, – дейди А. Тошматов. – Уларнинг 34 таси юқори ликвидли, инсон ҳаёти учун зарур бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариб, хорижга экспорт қилмоқда. Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан жорий йилнинг январь-июнь ойлари мобайнида Германия, АҚШ, Туркия, Бирлашган Араб Амирлиги, Франция ва Хитой Республикаларида бўлиб ўтган 14 та халқаро кўргазма ва ярмаркаларда 56 нафар тадбиркорларимиз қатнашиб келдилар. Палата томонидан умумий қиймати 3.2 млн. АҚШ долларига тенг 12 та шартноманинг имзоланишига амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, Республика миқёсида бўлиб ўтган 30 дан ортиқ кўргазма, ярмарка ва кооперацион биржаларда қатнашган 1598 та вилоятимиз тадбиркорларига барча қулайликлар яратиб берилди, улардан 178 таси ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 6 ойи давомида палатанинг вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан вилоят иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Хитой Халқ Республикасининг “Chen Guang” биотехнология компанияси билан аччиқ қалампир етиштириш ва уни экспортини йўлга қўйишга мўлжалланган умумий қиймати 30 млн. АҚШ долларига тенг лойиҳа бўйича хамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.
2014 йилнинг ўтган даврида палатанинг вилоят бошқармаси ҳамкорлигида вилоятда тўғридан тўғри чет эл инвестицияси иштирокидаги 2 та хорижий корхона ва 2 та қўшма корхона фаолияти йўлга қўйилди.
Йиғилишда шунингдек, Президентимиз томонидан тадбиркорлик субъектларига қулай инвестицион муҳит яратиб бериш мақсадида қабул қилинаётган қонунлар, қарор ва фармойишларни вилоят тадбиркорлари эътиборига етказиш мақсадида жами 27 та семинар, 14 та давра суҳбати ва 8 та конференция ташкил этилгани ҳақида ҳам ахборот берилди.
O‘zLiDeP фаоллари таъкидлаганидек, мамлакат иқтисодиётининг тез орада модернизациялашувини, сифат жиҳатдан янгиланишини амалга ошириш учун хорижий сармоялар ва илғор технологиялар жалб қилинишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш партиянинг муҳим вазифасидир. Партия сармоялар оқимини таъминловчи, уларнинг оқилона тақсимоти ва фойдаланилишини амалга оширувчи самарали иқтисодий тизим яратилишига бевосита кўмаклашади.
Йиғилиш сўнгида соҳага оид муҳокама қилинган масалалар юзасидан партия депутутлик гуруҳининг тегишли карори қабул қилинди.
Матн: O‘zLiDeP Матбуот хизмати