Yangi hujjatlar

Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этиш тўғрисидаги Шартномага O‘zLiDeP муносабати

2014 йил 6 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида том маънодаги тарихий воқеа юз берди — мазкур ташкилот тузилганидан буён биринчи маротаба беш ядровий давлат — АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия якдиллик билан ва бир пайтнинг ўзида муҳим халқаро ҳужжатни — Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этиш тўғрисидаги Шартномага Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги Протоколни имзолашди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси фаоллари мазкур тарихий воқеани диққат билан таҳлил этиб, ўз муносабатини билдирмоқда.

Абдуқодир ТОШҚУЛОВ, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:

Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб дунёда тан олинган ва мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини мустаҳкамлаган, ҳар томонлама чуқур ўйланган миллий манфаатларига асосланувчи ташқи сиёсатни юритиб келмоқда. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ўтган йилларнинг конструктив тажрибаларига ва XXI асрнинг изчил ўзгараётган халқаро сиёсий воқеликларига таянган ҳолда қурилмоқда. Ўзбекистон инсонварпарлик ва тинчликсеварлик қадриятларига асосланган ҳолда тинч ва яратувчан ривожланиш йўлидан олға бориб, ўзининг халқаро майдондаги саъй-ҳаракатларини минтақанинг тинч ва барқарор тараққиётини таъминлашга қаратиб келмоқда.

Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракциялари томонидан ҳар томонлама муҳокама этилган Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясида Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни асраш, уни мустаҳкамлаш, минтақани хавфсизлик ва барқарор ривожланиш зонасига айлантириш устувор вазифалар қаторида туради.
Эътироф этиш керакки, ташқи сиёсий фаолиятни амалга ошириш доирасида давлатимиз раҳбари илгари сурган кўпгина ташаббуслар халқаро жамоатчилик томонидан ҳақли равишда қўллаб-қувватланмоқда. Ўзбекистоннинг дунёда ўзининг кенг эътирофини топган ва қўллаб-қувватланган йирик халқаро ташаббуслари орасида Президент Ислом Каримов томонидан 1993 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида илгари сурилган Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этиш тўғрисидаги ғояси алоҳида ўрин тутади.

Партиямиз Ўзбекистон раҳбарининг ушбу ташаббуси минтақа давлатларининг ядро қуролисиз ривожланиш ва оммавий қирғин қуролларининг назоратсиз тарқалиши хавфига қарши туриш йўлидаги туб манфаатларига тўла жавоб беради, деб ишонади. Президент Ислом Каримовнинг бу чақириғи эса, нафақат халқаро экспертлар, балки Марказий Осиёдаги барча давлатлар, БМТ ва МАГАТЭ, бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар, шунингдек, ЕХҲТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланди, жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлди.

1997 йилда Тошкентда бўлиб ўтган «Марказий Осиё – ядро қуролидан холи зона» мавзуидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон Президенти ядро хавфсизлигига кенг қамровли хавфсизлик, омон қолиш муаммосининг таркибий қисми сифатида қаралиши кераклигини таъкидлаганди. Ядро қуролига эга ва эга бўлмаган давлатларнинг мажбуриятлари ўртасидаги мувозанат – ядро қуролидан холи зонанинг самарали фаолият кўрсатиши асосидир. Марказий Осиёдаги ядро қуролидан холи зонанинг ишончли, мустаҳкам бўлиши ядро қуролига эга бўлган барча давлатлар унинг мақомини эътироф этган тақдирдагина таъминланиши мумкин.

Жорий йилнинг май ойида том маънодаги тарихий воқеа юз берди – Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона яратиш тўғрисидаги ташаббусини амалга ошириш ниҳоясига етди. Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш ҳақидаги шартнома бешта ядровий давлат томонидан Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги протоколнинг имзоланиши билан узил-кесил халқаро-ҳуқуқий жиҳатдан расмийлашди. Мазкур Протокол 2014 йил 6 май куни БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартноманинг Умумлаштирувчи конференцияси Тайёргарлик қўмитасининг Учинчи сессияси чоғида имзоланди.

ЎзЛиДеП Марказий Осиё ядро қуролидан холи зонаси минтақавий хавфсизликнинг янги элементини яратиб, у терроризмга қарши кураш ҳамда ядровий материаллар ва технологияларнинг нодавлат субъектлар, энг аввало, террорчилар қўлига тушишининг олдини олишни таъминлайди, деб ҳисоблайди. Моҳиятан, ядро қуролидан холи зона ҳақидаги Ўзбекистон ташаббусининг амалга оширилиши Хавфсизлик Кенгашининг 2004 йилдаги 1540-резолюциясини бажариш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, мазкур резолюция ҳукуматларга ядровий, кимёвий ва биологик қуроллар ҳамда уларнинг террорчилар томонидан ташиш воситаларининг қўлга киритилиши, тарқатилиши ва қўлланилишининг олдини олиш юзасидан мажбуриятларни юклайди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш юзасидан ташаббусининг амалга оширилиши бутун дунёда тинчлик, минтақавий барқарорлик ҳамда минтақа мамлакатлари ва йирик давлатларнинг сермаҳсул ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим омил, дунё ҳамжамиятининг изчил ривожига жамоавий улуш ва, албатта, халқаро хавфсизлик ҳамда ядровий қуролсизланишни мустаҳкамлашнинг энг муҳим элементи сифатида юксак баҳо ва эътирофга сазовор бўлганини алоҳида таъкидлаймиз.

Матн: O’zLiDeP Матбуот хизмати

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (2)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига