Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислоҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш концепцияси талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси давлат мулкини бошқариш билан боғлиқ муносабатларни янада такомиллаштириши ва тизимга солиши билан аҳамиятлидир.
O‘zLiDeP фаоллари томонидан жойларда мунтазам равишда ўтказиб келинаётган қонун лойиҳасининг муҳокамаларида лойиҳани янада мукаммалаштиришга хизмат қилувчи муҳим таклиф ва мулоҳазалар билдирилмоқда.
Нукус шаҳрида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси ҳамда O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ташкил этилган “Давлат мулкини бошқариш соҳасидаги муносабатларни янада такомиллаштириш ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш” мавзуидаги амалий мулоқотда қонун лойиҳасининг навбатдаги муҳокамаси ўтказилди.
“Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг мақсади мамлакат ичкарисида ҳам, ундан ташқарида ҳам давлат мулкини самарали бошқаришга қаратилган, давлат мулкини бошқариш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада ривожлантиришдан иборат. Қонун лойиҳасида давлат мулкини бошқаришни амалга оширувчи давлат органларининг ваколатларини чегаралаш ва давлат мулкини бошқариш соҳасидаги давлат сиёсатини ўтказиш учун уларнинг жавобгарлигини ошириш каби соҳанинг яна қатор муҳим жиҳатларига эътибор қаратилган. Умуман олганда лойиҳанинг мазмуни давлат мулкини бошқаришнинг асосий мақсадлари, вазифалари, принциплари ва механизмларини янада мустаҳкамлашдан иборат.
– Ҳозирги вақтда, иқтисодиётимизда давлат мулки билан боғлиқ муносабатлар Конституция, шунингдек, Ер, Солиқ, Фуқаролик, Уй-жой кодекслари, “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги, “Жойларда давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Ижара тўғрисида”ги қонунлар билан тартибга солинмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Полат Реймов. – Қонун лойиҳасини таҳлил қилар эканмиз, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, қишлоқларимизда етакчи кучга айланган фермерлар томонидан бу жараёнда фаол иштирок этиш ташаббуслари илгари сурилаётгани электоратимиз вакилларининг давлат ва жамият олдидаги ижтимоий масъулиятини тўла ҳис этаётганларини кўрсатади. Ушбу ҳужжат партиямизнинг барча бўғинлардаги фаоллари ҳамда фракциямиз аъзолари томонидан чуқур ўрганилиб, партия фаоллари томонидан билдирилган таклифлар қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этяпти.
O‘zLiDeP фаоллари таъкидлаганидек, мазкур қонуннинг қабул қилиниши давлат тасарруфида фақат асосий эҳтиёжларни қондиришда, аҳоли ҳуқуқлари ва атроф-муҳит саломатлигини ҳимоя қилиш, жамоавий тартибни сақлаш, давлат хавфсизлиги ва ҳудудий бутлигини таъминлашда лозим бўлган мулкларни сақлаб қолиш ва давлат томонидан ортиқча ваколатлар ва фаолият турларини амалга оширмаслик, турли хилдаги давлат мулки объектларини бошқаришнинг ягона тизимини яратишга хизмат қилади.
Муҳокама давомида билдирилган барча таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, лойиҳани такомиллшатириш учун партиянинг парламентдаги фракциясига тақдим қилинди.
Матн:O‘zLiDeP Матбуот хизмати