Yangi hujjatlar

O‘zLiDeP республикамиз хотин-қизларини фаолликка чақирди

Хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятдаги роли ва мавқеини кучайтириш O‘zLiDeP Дастуридаги устувор вазифалардан ҳисобланади ҳамда бу мақсадда партиянинг “Аёллар қаноти” фаолият олиб бормоқда. Бу ҳақида, O‘zLiDeP`нинг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Партия “Аёллар қаноти” Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси, Савдо-саноат палатаси ва қатор етакчи тижорат банклари билан ҳамкорликда “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага”, “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонилик имкониятлари”, “Соғлом оила-мустаҳкам оила” партиявий лойиҳалар амалга ошириб келмоқда.
Лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад, оилавий тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали янги иш ўринларини яратишдан иборат. Қолаверса, лойиҳалар доирасида ишбилармонлик қобилиятига эга хотин-қизлар кашф этилиб, уларнинг бизнесини йўлга қўйишда партия амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

2011 йилдан бошлаб амалга ошириб келинаётган “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳаси асосида ташкил этилган ўқув машғулотларда 30 минг нафардан зиёд хотин-қизлар иштирок этди. Тижорат банклари томонидан 800 нафар хотин қизларга 6 миллиард сўмга яқин кредитлар ажратилиб, жойларда 1200 та янги иш ўринлари яратилди.

DSC_0007

Photo: O‘zLiDeP матбуот хизмати

– Республикамизнинг энг чекка жойларида ҳам оилавий тадбиркорликни тарғиб этиш ва ривожлантириш масаласига катта эътибор қаратяпмиз, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Мухлиса Акрамова. – Жумладан, опа-сингилларимиз ўз ҳуқуқларини тушунган ҳолда тадбикорлик фаолиятини юритишлари учун Ўзбекистон Республикаси “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти кенг тарғиб қилинмоқда.

Партиянинг эътиборга молик лойиҳалардан яна бири “Соғлом оила – мустаҳкам оила” бўлиб, 2011-2013 йиллар давомида ҳудудларда 650 та тадбирлар амалга оширилди. Уларда 27 минг нафарга яқин хотин-қизлар қатнашди ва 1500 нафар хотин-қизлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Ташкил этилган давра суҳбатларида аёллар саломатлиги, оилалар мустаҳкамлиги, қизларни эрта турмушга узатиш, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари тўғрисида атрофлича фикр-мулоҳазалар юритилиб, тегишли тавсиялар берилди.

DSC_0016

Photo: O‘zLiDeP матбуот хизмати

– Оилавий бизнес ва тадбиркорликнинг ҳуқуқий асосларини ўқитишга қаратилган “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари” лойиҳа доирасида сўнгги уч йилда 1000 дан ортиқ тадбирлар ўтказилиб, уларда 25 минг нафарга яқин хотин-қизлар қатнашди. Жорий йилда ҳам мазкур лойиҳалар кўламини кенгайтириб, ижобий натижаларни қўлга киритишни режалаштирганмиз, – дейди М.Акромова.

Фарғонадаги “Дил Феруз” хусусий корхонаси раҳбари Дилафруз Умрзоқова бундан икки йил аввал тикувчилик цехи очиб, болалар кийими ва кўрпа-тўшак жилдлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эди. Ўтган муддат ичида бу тадбиркор 4 нафар хотин-қизни иш билан таъминлади. Маҳалладаги 2 нафар аёлни касаначиликка жалб этди. Дилафруз ўз фаолиятини кенгайтириш мақсадида мазкур лойиҳада иштирок этиб, қандолатчилик фаолиятини йўлга қўйди.

– Партия лойиҳалари доирасида ташкил этилган ўқув-семинарларда доимий иштирок этганимдан кейин менда тадбиркорлик билан шуғулланиш иштиёқи пайдо бўлди, – дейди Гулистон шаҳридаги “Разоқ ҳамкор Нурсултон” оилавий корхонаси раҳбари Гулнора Ўлмасова. – Молия муассасалари билан ёш тадбиркорлар орасида мустаҳкам ва ишончли “кўприк” вазифасини ўтаётган бу каби ўқув-семинарлар, молиявий томонидан чўчиб, тадбиркорликни бошлашга иккиланиб турган хотин-қизларимизга катта ёрдам беряпти.

DSC_0077

Photo: O‘zLiDeP матбуот хизмати

– 2014 йилда O‘zLiDeP ва Фермерлар Кенгаши ўртасида тузилган Бош битим доирасида “Фермерлик ҳаракати – ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий куч” янги лойиҳасини амалга оширишни режалаштирганмиз, – дейди партия Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси Аёлларнинг саёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири Севара Муслимова. – Ушбу лойиҳада фермер хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш, жойларда янги иш ўринлари яратиш назарда тутилган. Умуман олганда лойиҳалармизнинг амалий натижасида ишбилармон опа-сингилларимиз сафи кенгайиб боряпти. Бу ўз навбатида мамлакатимизда хотин-қизлар орасида тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган эътиборнинг юксаклигидан далолат беради.

Дарҳақиқат, партия лойиҳалари хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маиший турмуш тарзини янада яхшилашга, аёлларнинг сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда. Бугун айнан мана шу лойиҳалар сабаб ўз ҳаёт тарзини ўзгартира олган ишбилармон, ижтимоий фаол опа-сингилларимиз мамлакатимизда олиб борилаётган кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнларининг бевосита иштирокчиларига айланиб бормоқдалар. O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” 2014 – “Соғлом бола йили”да ҳам тадбиркорлигини бошламоқчи ёки кенгайтирмоқчи бўлган барча хотин-қизларни лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақириб қолади.

Матн: O‘zLiDeP матбуот хизмати

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига