Yangi hujjatlar

“Cоғлом бола йили”: – O‘zLiDeP “Аёллар қаноти”нинг лойиҳалари” мавзусида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди

2014 йил 16 апрель куни Тошкент шаҳридаги “Халқаро савдо маркази” (ITC) анжуманлар залида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” томонидан “Cоғлом бола йили”: – O‘zLiDeP “Аёллар қаноти”нинг лойиҳалари” мавзусида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақида, O‘zLiDeP матбуот хизмати хабар бермоқда.

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, Фермерлар кенгаши, Савдо-саноат палатаси, Республика Марказий банки ва қатор тижорат банклари вакиллари, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари раисларининг Аёллар масалалари бўйича ўринбосарлари, бўлим мудирлари, партия фаоллари – тадбиркор ва фермер аёллар иштирок этди.

Тадбирда 2013 йилда “Аёллар қаноти” томонидан амалга оширилган ишлар, партиявий лойиҳаларининг натижалари, 2014 йил “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг ижросини таъминлашда партиянинг устувор вазифалари муҳокама қилинди.
Хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятдаги роли ва мавқеини кучайтириш O‘zLiDeP Дастуридаги устувор вазифалардан ҳисобланади.

Партия “Аёллар қаноти”нинг асосий эътибори ҳам шунга қаратилган бўлиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси, Савдо-саноат палатаси ва қатор етакчи тижорат банклари билан ҳамкорликда “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага”, “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонилик имкониятлари”, “Соғлом оила-мустаҳкам оила” партиявий лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.

O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” томонидан ўтган йили 2 мингдан ортиқ давра суҳбати, учрашув ва семинар-тренинглар ташкил этилиб, уларда 120 минг нафарга яқин хотин-қиз жалб этилди.

Партия “Аёллар қаноти” томонидан “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Аёлларнинг ўзига бўлган ишончни орттириш, тадбиркорликка лаёқатли аёллар сонини кўпайтириш, уларни нафақат оилада фарзанд тарбияси билан, балки мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва тадбиркорлик фаолиятидаги ўз ўрнига эга бўлишга эришиш мақсадидаги ушбу лойиҳа натижасида кредит олган тадбиркор аёллар ва улар томонидан яратилган иш ўринлари сони янада ортишига эришилди.

Ўтган йили ушбу лойиҳада республика миқёсида 11404 нафар хотин-қиз иштирок этиб, 180 нафар хотин қизга 3 млрд 888 млн 70 минг сўм миқдорида кредит олиб беришга эришилди, натижада 650 та янги иш ўринлари яратилди.

Оилавий бизнес ва тадбиркорликнинг ҳуқуқий асосларини ўқитишга қаратилган “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари” лойиҳа доирасида эса ўтган йили 200 дан ортиқ тадбирлар ўтказилиб, уларда 9 минг нафар хотин-қизлар қатнашди.

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Эътиборга молик лойиҳалардан яна бири “Соғлом оила – мустаҳкам оила” бўлиб, 2013 йилда ҳудудларда 250 та тадбирлар амалга оширилди. Уларда 9 минг нафарга яқин хотин-қизлар қатнашди ва 850 нафари бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Ташкил этилган давра суҳбатларида аёллар саломатлиги, оилалар мустаҳкамлиги, қизларни эрта турмушга узатиш, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари тўғрисида атрофлича фикр-мулоҳазалар юритилиб, тегишли тавсиялар берилди.

Тадбирда 2014 йилда партия “Аёллар қаноти” томонидан O‘zLiDeP ва Фермерлар Кенгаши ўртасида тузилган Бош битим доирасида “Фермерлик ҳаракати – ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий куч” янги лойиҳасини амалга оширишни режалаштирганлиги таъкидлаб ўтилди. Ушбу лойиҳа орқали фермер хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларни оширишга эришилади. Жойларда янги иш ўринлари яратилиб, партия сафлари электорат вакиллари ҳисобига янада кенгайтирилади.

Шунингдек, “Аёллар қаноти” томонидан хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳиятини ўстириш соҳасида, уларни илмий ишларга янада кенгроқ жалб этиш, инновацион технологияларни ривожлантириш, уларни мамлакат иқтисодиётига жорий этишда фуқаролик институтлари фаолиятини жонлантиришга қаратилган “Аёллар – инновацион ривожланиш тарафдори”, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, партиянинг кадрлар заҳирасини сиёсий етук, Ватанга садоқатли фидоий ва жамиятда ҳурмат, эътибор қозонган аёллар билан тўлдиришга қаратилган “Замонавий аёл – бунёдкор етакчи” номли лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Тадбирда O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” томонидан 2014 – “Соғлом бола йили”да ҳам тадбиркорлигини бошламоқчи ёки кенгайтирмоқчи бўлган барча хотин-қизларни партия лойиҳаларида фаол иштирок этишини таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Тадбир давомида “Аёллар қаноти”нинг лойиҳаларида иштирок этиб кредит олиб ўз бизнесини бошлаган тадбиркор аёлларнинг маҳсулотлари кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.

Матн: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига