Yangi hujjatlar

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши сайловларга жиддий ҳозирлик кўраётганлиги қайд этилди

2014 йилдаги муҳим сиёсий жараён – сайловлар партиянинг барча бўғинлари, хусусан, бошланғич ташкилотлар зиммасига катта масъулият юклайди. Шуни инобатга олган ҳолда O‘zLiDeP ҳудудий ташкилотлари томонидан жойларда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва давлат ҳокимиятининг маҳаллий вакиллик органларига 2014 йилда бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик ва иштирок этиш даврида бошланғич партия ташкилотлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалалари” мавзуида семинар-тренинглар ўтказиб келинмоқда.

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида мазкур мавзуга бағишлаб ўқув-семинар ташкил қилинди.

Тадбирда O‘zLiDeP вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари ходимлари, бошланғич партия ташкилотлари раҳбарлари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатларининг сиёсий савияси ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, 2014 йилда бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик ва иштирок этиш даврида бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини ташкил этишнинг зарур малака ва кўникмаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

– Сайлов натижалари кўп жиҳатдан сайлов округлари ва участкаларида БПТнинг нечоғли фаоллигига, ваколатлари доирасида сайлов жараёнини қай даражада мувофиқлаштира олишига боғлиқ, – дейди O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раиси Фарход Аминов. – Қайд этиш зарурки, партия дастурий мақсадларини тарғиб қилиш, аҳоли ва электорат билан ишлашнинг замонавий услублари, умумэътироф этилган сиёсий технологиялардан самарали фойдаланишга бўлган талаб ортиб бормоқда. Шу маънода, бошланғич ташкилотларнинг сайловчилар билан узлуксиз алоқада бўлишига асосий эътиборни қаратиб келяпмиз.

Тадбирда сўзга чиққанлар фикрича, сайловларда сиёсий партияларнинг кузатувчилик ва ваколатли вакил институтлари муҳим ўрин тутади. Бу жараёнда 50 мингга яқин бевосита иштирокчининг сафарбар этилиши партия тузилмалари зиммасидаги масъулиятни янада оширади. Шунинг учун БПТ аъзолари орасидан ташаббускор, иқтидорли фаоллар танланиб, уларга кузатувчилик ҳамда ваколатли вакил вазифасини топшириш муҳим аҳамият касб этади.

– “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 17-моддасида “сиёсий партиянинг ваколатли вакили” институти белгилаб берилган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракцияси аъзоси Насим Алимов. – Мазкур моддада депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов участкаларида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланадиган тартибда ўз аъзолари орасидан ваколатли вакил тайинлашга ҳақли экани қайд этилган. Мазмун-моҳияти айнан бир хил бўлган норма “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисидаги Қонун”га ҳам киритилганлигини таъкидлаш жоиз. Маълумки, Марказий сайлов комиссияси томонидан имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги ҳам текширилади. Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари ана шу жараёнда иштирок этиш ҳуқуқига ҳам эгадирлар. Мухтасар айтганда, ушбу норма сайловларда холислик ва ошкораликни таъминлаш, сиёсий партиялар ҳуқуқларини рўёбга чиқаришнинг қўшимча кафолатларини яратиш имконини берди.
O‘zLiDeP Бухоро вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Ҳамид Бешимов БПТлар аҳоли ва партия органлари ўртасидаги ўзаро алоқаларда кўприк вазифасини бажаришини эслатар экан, бугунги кунда вилоятдаги 448 та БПТда 10 мингга яқин аъзо фаолият кўрсатаётганини қўшимча қилди.

– Асосий вазифаларимиздан бири сайловолди кампаниясигача ҳар бир сайлов участкасида камида 1 та БПТ иш олиб боришига эришиш ҳамда у ерда сайловолди тарғиботини ташкил этиш имкониятини яратишдир, – деди Ҳамид Бешимов.
Семинар-тренинг якунида БПТ фаолларининг сиёсий савияси ва ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда сайлов кампаниясига пухта тайёргарлик кўриш бўйича услубий ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилди. Шунингдек, партия аппаратлари ходимлари ва фаолларида тегишли ташкилий кўникмаларни шакллантирган ҳолда бўлажак сайловларда БПТлар салоҳиятидан самарали фойдаланишга келишиб олинди.

Матн: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига