Yangi hujjatlar

O‘zLiDeP фракцияси бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилди

23 июль куни Ўзбекистон Руспубликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркор ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар, экспертлар ва соҳа мутахассислари, ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда бир қатор қонун ҳужжатлари биринчи ва иккинчи ўқишда муҳокама этилди.

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Ишлаб чиқилиши биржа технологиялари ривожланиши, ҳозирги кунда биржанинг янги воситалари, функцияси ва вазифасидаги ўзгаришлар билан боғлиқ «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишда муҳокама этилиши, партия электорати манфаатлари нуқтаи назаридан, O‘zLiDeP фракциясининг жиддий эътиборига сабаб бўлди. Қонун лойиҳаси замонавий биржа технологияларини ривожлантиришга қаратилган. Бу эса биржаларимизни етакчи биржалар даражасига яқинлаштиради, котировкаларнинг биржа механизмлари ёрдамида ишончли бозор қийматини шакллантириш, шунингдек, нарх ўзгариши билан боғлиқ таваккалчиликдан суғурталаниш имкониятини яратиш вазифасини ҳал этади. Қонуннинг қабул қилиниши биржа фаолияти ва иши, биржа бозори иштирокчилари манфаатлари мувозанатига эришиш масалаларида ягона ҳуқуқий амалиётни қўллаш учун шарт-шароитларни шакллантиришга ҳам хизмат қилади. Умуман, қонун лойиҳаси молия бозори ривожланиши ва бозор инфратузилмаси сифати ошишига кўмак беради. Бу эса O‘zLiDeP электорати манфаатларига тўла мос келади.

Депутатлар «Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижроси доирасида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юзасидан ҳам фаол баҳс-мунозараларга киришди. Музокаралар чоғида партия депутатлари ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бюрократик тўсиқларни йўқ қилиш ҳисобига тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун максимал қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирларнинг қонунчилик асосида мустаҳкамлаш қўйилиши муҳим эканини таъкидлади.

Ўзбекистонда тадбиркорлик соҳасида рухсат бериш характерига эга ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхати ишлаб чиқилган. Бу рўйхат унда кўзда тутилмаган рухсат этиш характеридаги бошқа ҳужжатлар (жараёнлар) мавжудлигини инкор этади. Шундан келиб чиқиб, жумладан, Божхона кодекси, «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги, «Ўрмон тўғрисида»ги қонунларга, «Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисида»ги низомга рухсат этиш характеридаги тегишли ҳужжатларни бекор қилувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бундан ташқари, айрим қонун ҳужжатлари меъёрларини «Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни меъёрларига мувофиқлаштириш мақсадида «Қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларни пробалаш ва тамғалаш тўғрисида»ги, «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги ва «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунларга ўзгартишлар киритилмоқда.

Йиғилишда «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу қўшимчалар йўқолган жиноят иши ёки унинг материалларини тиклаш механизмини тартибга солади. Таъкидландики, таклиф этилаётган мазкур қўшимча жиноят-процессуал қонунчилигини янада такомиллаштириш, жиноят жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини таъминлаш, шунингдек, миллий қонунчиликни халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Фракция йиғилиши якунида «Аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Мунозаралар чоғида O‘zLiDeP депутатлари ўзларининг хўжалик субъектлари учун ишбилармонлик муҳити ва бизнес иқлим ҳолати ёмонлашувига йўл қўймасликнинг муҳимлигига оид принципиал позициясини баён этди. Шу билан бирга, қонун лойиҳасида техник тартибга солиш соҳасида, озиқ-овқат маҳсулотларига, уларни ишлаб чиқариш ва ташишга, меҳнат шароити ва ҳоказоларга оид меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқувчиларга санитар-эпидемиологик талаблар аниқлаштирилгани ижобий ҳолат экани қайд этилди. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини эҳтимолий тўхтатиш, қонун лойиҳасига кўра, суд тартибида амалга оширилади. O‘zLiDeP ўз электорати манфаатлари ҳимоясига собит қолган ҳолда ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва барқарор санитар-эпидемиологик вазиятни сақлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади, деб ҳисоблайди.

Йиғилиш якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Матн: O‘zLiDeP Матбуот хизмати.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига