Yangi hujjatlar

O‘zLiDeP лойиҳалари ёш ишбилармонлар учун қулай имконият

O‘zLiDeP томонидан ҳар йили ўтказиб келинаётган «Ишбилармон талаба» кўрик-танлови ёшлар орасида кенг оммавийлашиб бораётган йирик партиявий лойиҳалардан ҳисобланади.

Лойиҳанинг навбатдаги Тошкент шаҳар босқичи пойтахтимизнинг энг сўлим гўшаларидан бири бўлган Ғофур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ташкил этилди.

Photo: O‘zLiDeP матбуот хизмати

Photo: O‘zLiDeP матбуот хизмати

Ёшларнинг ақлий ва жисмоний салоҳиятини юксалтириш, интилиш ва изланишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни бизнес оламига олиб киришга кўмаклашиш мазкур кўрик-танловнинг асосий мақсади ҳисобланади.

Танловнинг Тошкент шаҳрида ўтказилган бу йилги қуйи босқичларида 300 нафардан ортиқ йигит-қизлар иштирок этиб, улар нафақат иқтисодий, ҳуқуқий билимларини балки тикувчилик, тўқувчилик, қандолатчилик, зардўзлик, гулчилик, ҳунармандлик бўйича ўзлари тайёрлаган маҳсулотлар кўргазмасини ҳам намойиш этдилар.

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, энг юқори балл тўплаган уч нафар иштирокчи ғолиб деб топилди ва танловнинг Республика босқичига тавсия этилди. Унда Тошкент педагогика колежи 2-курс ўқувчиси Наргиза Абдуқодированинг узоқ тарихга эга бўлган сўзана тикиш амалий санъати кўргазмаси биринчи ўринга муносиб кўрилди.

Photo: O‘zLiDeP матбуот хизмати

Photo: O‘zLiDeP матбуот хизмати

– Либос дизайни соҳасига жуда қизиқаман, – дейди Республика дизайн коллежининг 2-курс ўқувчиси Робия Холмуҳаммедова. – Коллежда ҳам ўзим қизиққан соҳада таҳсил олмоқдаман. Янги моделларимни яратиш жараёнида миллийлик ва замонавийликни уйғунлаштирган либослар коллекциямни яратишга киришдим. Коллекциям икки қисмдан иборат бўлиб, унинг биринчи қисмини “Соғлом бола йили”га бағишладим ва 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар учун махсус тўплам яратдим. Иккинчиси қизларнинг кундалик ва оқшом либосларига бағишланди, унда ҳар бир либос учун махсус аксессуарлар ташкил этдим. Ушбу қизиқишларим “Ишбилармон талаба” номига сазовар бўлишимга ёрдам берди.

Ёғоч ўймакорлиги санъати бўйича тайёрлаган ижод намуналари билан иштирок этган Тошкент туризм коллежи 1-курс ўқувчиси Мирёқуб Ғаниев 3-учинчи ўринни эгаллади. Мирёқуб ёш бўлишига қарамай жорий йил “Ташаббус-2014” танловининг Тошкент шаҳар босқичида қатнашиб, энг ёш ҳунарманд номинацияси бўйича ҳам ғолибликни қўлга киритган.

Тадбир сўнгида ғолиблар ва кўрик-танловнинг барча иштирокчиларига партиянинг махсус эсдалик совғалари ва дипломлари топширилди, Ғофур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи маъмурияти томонидан эса боғ атракционларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқини берувчи таклифномалар берилиб, боғ бадиий гуруҳининг мусиқий дастури намойиш этилди.

Матн: O‘zLiDeP матбуот хизмати

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига